Тожикистон ҳам Марказий Осиёни ривожлантириш бўйича шартномага қўшилди
Олам
−
30 Август 2025 2990 2 дақиқа
Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон 28 август куни XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш бўйича дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолади. Бу ҳақда Давлат раҳбарининг Матбуот хизмати хабар берди.
Маросимда Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу ҳам қатнашди. У Президент қабулида бўлди ва суҳбат чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар характердаги масалалар, шунингдек, икки давлатнинг ушбу соҳалардаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳидаги ҳамкорлиги муҳокама қилинди. Шу билан бирга, парламентлараро мулоқотни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, уни изчил ривожлантириш икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг бутун йўналишига ижобий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди.
Шунингдек, олий даражадаги бўлажак учрашув ва мулоқотлар жадвали, шунингдек, МДҲ саммити ва Душанбе шаҳрида бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё – Россия” форматидаги учрашувга тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.
Имомали Раҳмон томонидан имзоланган XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш бўйича дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани ҳар томонлама ҳаётга татбиқ этиш борасидаги ҳамкорликдаги ишлар минтақада тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш ва мустаҳкамлаш омилига айланиши алоҳида таъкидланди.
Маълумот учун, 2022 йил 21 июль куни Чўлпон-Ота шаҳрида Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари томонидан XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш бўйича дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланган эди. Тожикистон ва Туркманистон ўз мамлакатларида ички тартиб-қоидаларни бажариш зарурлигини айтиб, ҳужжатни имзоламаганди.
Ҳужжатга кўра, мамлакатлар минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш йўлида яқиндан ҳамкорлик қилиш мажбуриятини олади. Мамлакатлар ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиради. Зарур ҳолларда томонлар ўз мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига таҳдидларнинг олдини олиш учун бир-бирини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ўзаро ёрдам кўрсатиш мажбуриятини олади. Давлатлар бир-бирининг суверенитети, хавфсизлиги, барқарорлиги ва ҳудудий яхлитлигига зарар етказадиган ҳолда учинчи давлатлар томонидан ўз ҳудудлари, алоқа тизимлари ва бошқа инфратузилмаларидан фойдаланишига йўл қўймаслик мажбуриятини олади.
Мамлакатлар иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, қўшма корхоналар яратиш, минтақанинг транзит ва транспорт салоҳиятини ривожлантириш, янги темирйўл, автомобиль, ҳаво ва сув коммуникацияларини яратиш, трансчегаравий ташиш тартибларини соддалаштиришни режалаштирмоқда.
Live
Барчаси