Тожик-қирғиз можароси: от ўғирламоқчи бўлган қирғиз чегарачилари ўққа тутилди

Олам

image

Бугун, 8 июль куни тўрт қирғиз чегарачиси Тожикистон давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтди. Отишма оқибатида улардан иккитаси жароҳат олди. Бу ҳақда Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳодиса Суғд вилояти Деваштич туманининг Росровут ҳудудида содир бўлган.

“Қирғизистон ҳарбийлари фуқаролик ва ҳарбий форма кийган ҳамда ўқотар қурол билан қуролланган эди. Улар Деваштич минтақасидан Қирғизистон ҳудудига 9 та отни олиб ўтмоқчи бўлди”, дейилади Тожикистон МХДҚ баёнотида.

Хабарга кўра, Қирғизистон чегарачилари тўхташ тўғрисидаги буйруққа муносабат билдирмай, тожик чегарачиларига қарата ўқ узган. Содир бўлган отишмада икки қирғиз чегарачиси яраланган.

Тожикистон томонидан жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ.

Қайд этилишича, икки мамлакатнинг тегишли идоралари тўқнашув содир бўлган жойда ва нима бўлганини текширмоқда.

Қарийб минг километр умумий чегарага эга бўлган қўшнилар можароси

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 28 апрель куни Қирғизистоннинг Боткен вилояти Кўк-Тош қишлоғи яқинидаги “Головной” сув олиш жойидаги давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмида икки мамлакат маҳаллий аҳолиси ўртасида тўқнашув содир бўлди. 29 апрелда Қирғизистон ва Тожикистон хавфсизлик кучлари ўртасида қуролли тўқнашувга айланди. Қирғизистоннинг Боткен вилояти Боткен ва Лайлак туманларида отишмалар 30 апрель ва 1 май кунлари давом этди. 

1 май куни томонлар отишмани тўлиқ тўхтатиш ва чегарадан кучларни олиб чиқиб кетиш тўғрисида келишиб олишга муваффақ бўлди. Худди шу куни тожикистонлик ҳарбийлар Қирғизистон ҳудудидан чиқиб кетди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон чегара Қирғизистон отишма тожик-қирғиз

Баҳолаганлар

166

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг