Тошкентнинг 10 та марказий кўчасида пулли паркоматлар ташкил этилади

Жамият

image

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида "Тошкент шаҳри марказий кўчаларида пулли автомобиль тўхташ жойларини ташкил этиш бўйича экспериментни амалга ошириш тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарор лойиҳаси эълон қилинди

Қарор лойиҳага илова қилинган Тошкент шаҳар марказий кўчаларида пулли автомобиль тўхташ жойларини ташкил этиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида вақтинчалик Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

  • паркомат – шаҳар кўчаларида ва йўллар бўйлаб пулли автомобиль тўхташ жойларида махсус жихозланган ва йўл белгилар ва йўл чизиқлари билан белгиланган, автомобиль тўхташ жойида муайян вақтга автомобилни жойлаштириш вақтини ўлчаш учун мўлжалланган, пулли тўхташ жойи ҳисоблагичи бўлган механик, электрон ёки автоматик мослама;
  • пулли автомобиль тўхташ жойи назоратчиси (кейинги ўринларда – назоратчи) – паркоматдан тўғри фойдаланилишини ҳамда фойдаланувчи томонидан тўлов амалга оширилганлигини назорат қилувчи шахс;
  • пулли автомобиль тўхташ жойидан фойдаланувчи (кейинги ўринларда – фойдаланувчи) - паркоматдан фойдаланган ҳолда автомобилни муайян вақтга жойлаштирган ҳайдовчи;
  • автомобиль тўхташ жойи талони – фойдаланучининг ҳақ тўлаган ҳолда автомобиль тўхташ жойида муайян вақтга автомобилни жойлаштириш учун паркоматдан фойдаланувчиларга бериладиган белгиланган намунадаги квитанция (ҳужжат).
  • Паркоматларни ташкил этиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 декабрдаги 990-сон қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва замонавий йўл инфратузилмасини ташкил этиш соҳасида давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш тартиби тўғрисида вақтинчалик низом билан белгиланади.

Тўлов тизими.

  • Ҳокимлик томонидан ташкил этилган паркоматларда пулли автомобиль тўхташ жойига жойлаштириш нархлари аҳолининг зичлик даражаси ва шаҳар кўчаларининг қатнов қисмларини ўтказиш қобилиятини ҳисобга олган ҳолда ҳокимлик томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган нархларни белгилаш меъзонлари ва тартибига асосан белгиланади;
  • Нархларни белгилаш меъзонлари ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий бошқармалари билан келишилган ҳолда тасдиқланади;
  • Давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган паркоматларда автомобиль тўхташ жойига жойлаштириш нархи ва энг кам ҳисоб-китоб вақти давлат-хусусий шериклик шартномасига асосан белгиланади;
  • Паркоматдан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш автомобиль тўхташ жойлари талонлари ва (ёки) шартнома асосида нақд ва нақд бўлмаган шаклда амалга оширилади;
  • Ҳақ тўлаш учун фойдаланувчи автоматик электрон тўлаш техник воситаларидан фойдаланиши мумкин бўлади;
  • Фойдаланувчи паркоматлардан фойдаланганлик учун тўловни олдиндан шартнома асосида нақд ва нақд бўлмаган шаклда электрон тизимлари ёки мобиль иловалар ёрдамида амалга ошириши лозим. Бунда фойдаланувчи паркомат ўрнатилган жойдан 10 дақиқа мобайнида бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади;
  • Тўловни амалга оширишда фойдаланувчи автомобилнинг давлат рақами, автомобиль тўхташ жойига келган санаси ва вақтини, тўхташ жойи номини (рақамини), автомобилни қанча муддатга жойлаштиришини кўрсатади;
  • Фойдаланувчи паркоматдан фойдаланиши учун олдиндан автоматик равишда автомобиль тўхташ жойи талонини олади;
  • Талонда автомобилнинг давлат рақами, фойдаланувчи паркоматга келган санаси ва вақти кўрсатилади. Бу автомобилни вақтинчалик жойлаштириш учун фойдаланувчи ва паркоматнинг эгаси ўртасида тузилган оммавий шартнома ҳисобланади;
  • Фойдаланувчи автомобилни сақлаш учун паркоматда тўланган муддат ўтгандан сўнг автомобилни олиб чиқиб кетиши ёки кейинги муддатга тўловни ўрнатилган тартибда амалга ошириши керак бўлади;
  • Фойдаланувчи автомобиль тўхташ жойи талонини қўлига олгач, уни автомобиль асбоблар панелида назоратчи кўриши учун қулай жойга қўйиши шарт бўлади. Автомобиль тўхташ жойи талонига пулли автомобиль тўхташ жойи учун тўланган вақт ҳақида ахборот (автомобиль тўхташ жойи нархи – 1 соат, 1 соат 30 дақиқа ва ҳоказо), талондан фойдаланилган сана ва вақт киритилган бўлиши керак;
  • Паркоматлардан пулли фойдаланиш вақти ҳокимлик томонидан белгиланади;
  • Давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган паркомат иш режими ҳамда даромадларнинг (фойданинг) тақсимланиши давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда келишилган тартибда белгиланади;
  • Паркоматлардан бепул фойдаланиш ҳуқуқи фақат I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар бошқараётган олд ва орқа ойналарига “7.17” йўл белгиси тасвири туширилган автомобилларга ҳамда махсус (Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Фавқулотда вазиятлар вазирлиги, ёнғин хавфсизлиги хизмати, тез тиббий ёрдам) автомобилларга улар бевосита автомобиль тўхташ жойи ҳудудида ўз хизматларини ўтаётган вақтда берилади;

Паркоматлардан бепул фойдаланиш ҳуқуқи қуйидаги ҳолларда ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турмаган ногиронлиги бўлган шахсларга татбиқ этилмайди:

  • ногиронлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (уларнинг кўчирма нусхалари) бўлмаганда;
  • автомобилда 7.17 “Ногирон” йўл белгиси бўлмаганда;
  • автомобиль ногиронлиги бўлган шахслар учун ажратилмаган жойга қўйилганда.

Паркоматларнинг иш соатлари ҳақидаги ахборот 5.15 “тўхтаб туриш жойи” ахборот белгиси остида жойлашган 7.5.4 - 7.5.7 “амал қилиш вақти” қўшимча ахборот белгисида (табличкада) кўрсатилади. Фойдаланувчи паркоматлардан фойдаланганда автомобилларни чизилган чизиққа қараб жойлаштиради.

Паркоматлар ёни ахборот таблолари билан жиҳозланади, уларга қуйидаги маълумотлар жойлаштирилади:

  • кўрсатиладиган хизматларга ҳақ тўлаш тартиби, усуллари ва тўлов миқдори;
  • паркоматдан фойдаланиш ва автомобиль махсус ажратилган жойга вақтинча қўйилганлиги учун тўлов ундириш ҳуқуқи берилган хусусий шерикнинг тўлиқ расмий номи ва жойлашган ери (почта манзили);
  • паркоматдан фойдаланиш қоидалари;
  • энг яқин ички ишлар бўлинмаси манзили ва телефон рақами;
  • истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ҳудудий бўлинма манзили ва телефон рақами.

Фойдаланувчи:

  • йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари ҳамда ушбу Низомга талабларига риоя этишга;
  • паркоматдан фойдаланганлик учун ҳақ тўлашга;
  • паркомат ўрнатилган жойларига транспорт воситаларини йўл белгилари, чизиқлар линияларига ва назоратчи кўрсатмаларига мувофиқ жойлаштиришга;
  • ногиронлиги бўлмаган хайдовчи ногиронлар учун ажратилган жойга автомобиль қўймасликка;
  • талонни паркомат ўрнатилган жойдан чиқиб кетгунга қадар сақлашга мажбур ҳисобланади.

Фойдаланувчига қуйидагилар тақиқланади:

  • паркоматлар ўрнатилган жойларда автомобиллар кириши ва чиқишини тўсиб қўйиш;
  • бошқа фойдаланувчиларга паркоматлар ўрнатилган жойлардан фойдаланишда ҳалақит бериш ва чеклаш;
  • паркоматлар ўрнатилган жойлардан фойдаланганлик учун хизматларга ҳақ тўламай автомобиль қолдириш;
  • паркомат ўрнатилган жой ҳудудини ифлос қилиш;
  • паркомат ўрнатилган жой жиҳозларига зарар етказиш;
  • паркомат ўрнатилган жойлардан фойдаланишнинг белгиланган тартибини бузадиган ҳаракатларни содир этиш.

Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

19

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг