Тошкентга қалбаки 5 минг доллар олиб кираётганлар ушланди
Жамият
−
03 Июнь 2021
3056Тошкент шаҳрига қалбаки 5 минг доллар купюрани олиб кирмоқчи бўлган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Божхона қўмитаси Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, пойтахт аэропортида “Истанбул – Олма-ота – Тошкент" йўналиши бўйича учиб келган йўловчилардан бири божхона назоратидан яшил йўлак орқали ҳаракатланаётиб, божхона ходимларининг диққатини тортган.
Шундан сўнг, ушбу шахснинг багажи белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганида, багаждаги сочиқлар орасида 5 минг АҚШ доллари миқдоридаги нақд хорижий валюта борлиги аниқланган. Аммо, мазкур валюталарнинг ҳақиқийлиги божхона ходимларида шубҳа уйғотган.
“Бир қарашда ҳақиқийдек туюлган купюраларнинг барчаси қалбаки бўлиб, буни қалбаки купюраларни аниқлашга ихтисослашган валюта детектори ҳам тасдиқлади. Энг қизиғи шундаки, купюраларнинг аксариятида серия рақамлари ҳам бир хил бўлган”, дейилади хабарда.
Шу куни тезкор тадбир халқаро аэропорт автотураргоҳида ва Яшнобод туманида давом эттирилиб, мазкур қалбаки валюталарни қабул қилиб, эгасига етказиши лозим бўлган шахслар ҳам кетма-кет қўлга олинган.
Шунингдек, улардан бирининг бошқарувидаги Lacetti автомобилини кўздан кечириш давомида, олд йўловчи ўриндиғи остида яна сохта 5 минг АҚШ доллари борлиги аниқланган.
Юнусобод туманида ўтказилган тезкор тадбирда мазкур қалбаки валюталарнинг ҳақиқий эгаси уларни қабул қилиб олаётган вақтида фош қилинган.
Ҳозирда сохта долларлар ашёвий далил сифатида олиниб, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
LiveБарчаси