Тошкентдан Москвага учган самолёт бортида йўловчилари билан аэропортда қолиб кетди

Жамият

image

Тармоқларда кеча, 7 март куни Uzbekistan Airways’нинг Тошкентдан Москвага учган HY-601 рейси бортида 210 нафар йўловчи билан “Внуково” аэропортига қўнганидан кейин тўрт соат давомида самолётда қолиб кетгани айтилмоқда. 

Маълумотларга кўра, Тошкентдан ҳавога кўтарилган самолёт Москвадаги “Домодедово” аэропортига қўниши керак бўлган. Бироқ у аэропортни икки марта айланиб, бошқа аэропортга – “Внуково”га йўналтирилган. Бунга ноқулай об-ҳаво сабаб қилиб кўрсатилган. Самолёт соат 21:38 да қўнган бўлсада, йўловчилар туширилмаган. Негадир аэропорт ҳам одамларни ташиш учун автобус ажратишдан бош тортган. 

Йўловчилар ва уларнинг яқинлари умидсизликка тушиб, йўловчиларни қўйиб юбориш илтимоси билан Россия полицияси, Федерал ҳаво транспорти агентлиги, Россия Ташқи ишлар вазирлигига қўнғироқ қила бошлаган. Самолётда йўловчилар орасида жанжал чиққан. Бундан ташққари, баъзи йўловчилар ўзини ёмон ҳис қилган. Шундан сўнг полиция ва шифокорлар чақирилган.

Бугун, 8 март куни эса “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси ахборот хизмати ҳодисага изоҳ берган. Авиакомпаниянинг  маълум қилишича, мазкур рейс “Домодедово” халқаро аэропортида об-ҳаво шароити (қўниш йўлагининг ҳолати хавфсиз қўниш учун талаб қилинадиган стандартларга жавоб бермагани) туфайли “Внуково” халқаро аэропортига фавқулодда қўнишни амалга оширган

“Об-ҳаво яхшиланиб, самолёт учишга тайёр бўлгач, экипаж “Домодедово”га парвозни эълон қилди. Афсуски, йўловчи самолёт бортида касал бўлиб қолди, экипаж шифокорларни чақиришга мажбур бўлди, бу эса жўнашнинг қўшимча кечикишига олиб келди. Айни пайтда “Домодедово” халқаро аэропортида об-ҳаво яна кескин ёмонлашди ва яна кечикишга олиб келди”, дейилади хабарда.

Шундан сўнг, 210 йўловчининг барчасини “Внуково” халқаро аэропортига туширишга қарор қилинган. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси парвозлар хавфсизлиги биринчи ўринда эканини эслатиб ўтган ҳамда йўловчилар ва кутиб олувчиларга етказилган ноқулайликлар учун узр сўраган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг