Тошкентдан Андижонга бориш вақти 5 соатдан 3 соатгача қисқаради
Жамият
−
03 Февраль 16018 2 дақиқа
“Тошкент – Андижон” тезюрар магистрали фойдаланишга топширилиши натижасида Тошкентдан Андижонга етиб бориш вақти 5 соатдан 3 соатгача қисқаради. Бу ҳақда бугун, 3 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган йирик транспорт инфратузилмаси лойиҳалари бўйича ҳисоботда сўз боради.
Қайд этилишича, аҳоли ва иқтисодиётнинг ўсиб бораётган эҳтиёжидан келиб чиқиб, транспорт тармоғи изчил ривожлантириб борилмоқда. Давлат раҳбарининг 2023 йил 10 октябрдаги қарорига мувофиқ, йўл хўжалиги соҳаси такомиллаштирилди, йўл қуриш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш кўлами ошди.
Мазкур қарорда замонавий автомобиль йўлларини ташкил этиш истиқболлари ҳам белгиланганди. Жумладан, ўтган вақтда Жаҳон банки иштирокида “Тошкент – Андижон” муқобил йўли лойиҳалаштирилган. Умумий узунлиги 314 километр бўлган бу тезюрар магистраль фойдаланишга топширилиши натижасида Тошкентдан Андижонга етиб бориш вақти 5 соатдан 3 соатгача қисқаради. Шунингдек, бу ялпи ички маҳсулотни 2,6 фоизга ошириб, автоҳалокатларни 40 фоизга камайтириши мумкин.
Яқинда ушбу лойиҳа бўйича халқаро тендер эълон қилинган. Қисқа вақтда унга кўплаб нуфузли хорижий компаниялар қизиқиш билдирган. Йиғилишда мазкур лойиҳа бўйича таклифлар кўриб чиқилган. Транспорт вазирлигига юкламаси кўп бошқа йўлларда ҳам муқобил магистраллар қуриш, йўлларда қулайлик ва хавфсизликни кучайтириш, турли пуллик хизматларни ташкил этиш юзасидан топшириқлар берилган.
“Давлатимиз раҳбарига Бирлашган Араб Амирликларининг “AD Ports Group” компанияси билан ҳамкорликда Навоий вилоятида “қуруқ порт” ташкил қилиш лойиҳаси тўғрисида ҳам ахборот берилди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Тошкент – Самарқанд” ва “Тошкент – Андижон” йўналишларида пуллик автомобиль йўллари, “Тошкент – Самарқанд”, “Самарқанд – Навоий – Бухоро” йўналишларида тезюрар поездлар учун янги темирйўл қуриш лойиҳалари амалга оширилиши хабар қилинганди.
Live
Барчаси