Тошкентдаги умумий овқатланиш жойларида маиший газ баллонларидан фойдаланиш тақиқланди

Жамият

image

Тошкент шаҳрида жорий йил 22 июндан 15 сентябргача “алоҳида ёнғин хавфсизлиги режими” жорий этилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимининг жорий йилнинг 22 июнь куни қабул қилинган “Тошкент шаҳри ҳудудида ёнғинга қарши алоҳида режим жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида сўз боради.

Унга кўра, пойтахт Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси “Ўзэнергоинспекция”, Саноат хавфсизлиги қўмитаси ва “Ҳудудгаз Пойтахт” билан биргаликда ёнғинларнинг олдини олиш чораларини кўриши лозим. Газ қувурларига ўзбошимчалик билан уланишларнинг олдини олиш мақсадида умумий овқатланиш корхоналари устидан назорат кучайтирилади.

Шунингдек, бозорлар, савдо мажмуалари ва бошқа хизмат кўрсатиш объектларида таом тайёрлаш учун маиший газ баллонларидан фойдаланиш тақиқланади.

Бундан ташқари, барча турдаги ёнилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини текширишни ташкил этиш топширилган. Куннинг иссиқ вақтида (соат 11:00 дан 17:00 гача) катта сиғимли транспорт воситаларига ёнилғи қуйиш ҳамда ерусти ва ерости ёнилғи омборларига ёнилғи юклашга қатъий чекловлар жорий этилади.

Енгил транспорт воситаларига автоцистерналардан тўғридан тўғри суюлтирилган газ қуйиш тақиқланади. Ушбу қоида бузилган тақдирда, ўша шохобчага нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари, жумладан, фаолиятини тўхтатиб туриш чораси қўлланилади.

Пойтахт ИИББ ФВБ, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ва туман ҳокимликлари билан биргаликда фавқулодда хизматлар транспортининг ўтишига халақит берадиган шлагбаумлар ва бошқа тўсиқларни аниқлайди.

Шунингдек, тураржой биноларида ёнғинга қарши профилактика ишларини кучайтириш, жумладан, текширувлар ўтказиш, огоҳлантиришлар, тавсиялар бериш ва хавфсизлик қоидаларини тушунтириш вазифаси қўйилган. Бунда кондиционерлар ва бошқа маиший электр жиҳозларидан хавфсиз фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилиши лозим.

Аҳоли хонадонларидаги электр ва газ тармоқлари, сув иситиш қозонлари, вентиляция ва мўрилар тўлиқ техник кўрикдан ўтказилади. Камчиликларни тезкорлик билан бартараф этиш учун печ ва мўриларга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар мутахассислари жалб этилади. 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг