Тошкентдаги турнирга келган қозоғистонлик футболчилар заҳарланди
Спорт
−
16:46 2193 2 дақиқа
Ташкентдаги “Do‘stlik Cup 2026” халқаро футбол фестивалига келган қозоғистонлик ёш футболчилар шаҳардаги меҳмонхоналардан бирида заҳарланди. Бу ҳақда “Kazinform” хабар берди.
Ўғли билан бирга мусобақага келган оналардан бирининг сўзларига кўра, заҳарланиш бўйича илк ҳолатлар 30 октябрь куни нонуштадан сўнг бошланган.
“31 октябрга ўтар кечаси болаларнинг ярмида ҳарорат кўтарилиб, ич кетиши ва қайт қилиш бошланди. Бир кечада 11 киши тўшакка ётиб қолди. Менинг ўғлим ҳам касал бўлди: унда ҳарорат ва ич кетиши кузатилди. Кейинчалик худди шундай симптомлар бошқа жамоалардаги болаларда ҳам пайдо бўлди”, дейди спортчининг онаси Гулнур.
Унинг сўзларига кўра, 1 ноябрь куни кўплаб ёш футболчилар финал ўйинларида иштирок этиш учун майдонга туша олмаган. Ота-оналарнинг тахмин қилишича, болаларга швед столи тизими бўйича нонушта, жумладан, тухум ва сосиска таклиф қилинган меҳмонхонадаги таомлар бунга сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Вазиятга Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги муносабат билдирди.
“Қозоғистон ТИВга Тошкентдаги “Do‘stlik Cup 2026” халқаро футбол фестивалининг бир қатор иштирокчилари саломатлиги тўсатдан ёмонлашгани билан боғлиқ ҳодиса маълум. Ёрдамга муҳтож барча Қозоғистон фуқаролари Ўзбекистон Республикасининг ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларига ётқизилган ва уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда”, дея хабар берган идора.
ТИВ шунингдек, қозоғистонлик дипломатлар жабрланганларнинг қариндошлари ва тиббиёт муассасалари билан алоқада бўлиб турганини ҳамда вазият доимий назоратда эканини билдирган.
Футболчилардан бирининг онасига кўра, соғлиғи барқарор бўлган иштирокчилар учун аввал режалаштирилган поезд ўрнига авиарейслар орқали Қозоғистонга қайтиш ташкил этилмоқда. Баъзи оилалар ҳозирча Тошкентда қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона шаҳридаги учта боғчада тарбияланаётган болалар овқатдан заҳарланиш аломатлари билан шифохонага мурожаат қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси01 Ноябрь
01 Ноябрь