Тошкентдаги масжид минораси кимга ёқмай қолди?

Жамият

Тошкентнинг Олмазор тумани Сағбон кўчасида “Исломобод” масжиди қурилиши бошлангани ва ушбу масжид фуқаролар томонидан йиғилган эҳсон ҳисобидан амалга оширилаётгани хабар қилинганди. Умумий ер майдони 6000 кв м ташкил этувчи ушбу масжид 4 та минорага эга эканлиги билан Ўзбекистонда ягона бўлиши кутилмоқда.

Aммо кеча, 2 май куни ижтимоий тармоқларда ушбу масжиднинг орқа томонидаги иккита минорасини номаълум сабабларга кўра бузиш бошлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳукуматнинг бир сўм пулисиз, аҳоли томонидан йиғилган эҳсон эвазига қурилаётган масжид минораларининг бузилиши аҳолининг жиддий эътирозига сабаб бўлди.

Видеода миноралар бузилиши юзасидан изоҳ бераётган Абдуллоҳ домла масжиднинг қурилишида ишлатилаётган оқ мармар тошлари жуда қиммат эканлиги учун миноралар сони иккитага камайтирилаётганини айтганини кўриш мумкин. Бироқ фуқаролар бу сабаб бўлмаслигини, бузишлар ортида кимнингдир қўли борлигини айтиб, қатъий туриб олган.

Ҳаттоки минораларни бузаётган усталар ҳам қайси буйруқ асосида ишни бошлашганини билишмайди, шу жумладан, қурилиш бригадаси раҳбари Маҳаммаджон Умаров ҳам.

“Кеча масжиднинг миноралари бузилаётгани ҳақидаги видео интернетда тарқалиб, катта шов-шувларга сабаб бўлди. Фуқаролар норозилик билан келишганидан кейин бузиш ишлари тўхтади. Ҳозир ҳеч қаер бузилмаяпти. Айни дамда қуриш ишлари жадаллик билан амалга оширилмоқда. Минораларни бузиш буйруғини ким берганини шахсан мен билмайман. Усталар келиб “Бизга буйруқ бўлди”, деб бузишни бошлашди”, дейди қурилиш раҳбари Маҳаммаджон Умаров.

Ҳолат юзасидан Олмазор туман ҳокимяти билан боғланиб ушбу вазият юзасидан муносабат беришларини сўраганимизда, миноранинг бузиш ишлари ҳокимят томонидан амалга оширилмаётганини, шу сабабли ҳам улар бу тўғрисида ҳеч қандай маълумот бера олмасликларини билдиришди. 

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг Матбуот хизмати билан боғланиб маълумот олишга уриндик. Лекин ушбу ташкилот ҳам ҳолат юзасидан ҳеч қандай муносабат бера олмади. Aгарда кечгача кутсак, бирор маълумот бўлиши билан бизга маълум қилишларини айтишди.

Фуқаролар Исломобод масжидининг икки минораси бузилаётгани сабабли норозилик билдириб чиққанидан кейин бузиш ишлари кечга яқин тўхтаган. Қурилиш бригадаси раҳбарининг айтишига қараганда энди ушбу қулатилган қисм бошқатдан қурилади. 

Эслатиб ўтамиз, ушбу масжид қурилиш 2019 йилнинг октябрь ойида бошланган эди. Сиғими жиҳатдан Ўзбекистонда ягона бўлиши кутилаётган Исломобод масжидининг хонақоҳ қисми 8 минг фуқарони, ҳовлисидаги жойлар билан ҳисоблаганда эса 13 минг нафар номозхонни сиғдира олади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

532

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг