Тошкентдаги гиёҳванд моддалар рекламасининг буюртмачиси аниқланди
Жамият
−
23 Ноябрь 2019
7469Аввалроқ, Тошкент кўчаларида гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи сайт рекламаси пайдо бўлгани ҳақида хабар берган эдик. Шундан сўнг, Тошкент шаҳар ИИББ вазият назоратга олингани ва текширув бошланганини маълум қилди.
ИИББ ва Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Тошкент шаҳар бошқармаси билан ўтказилган суриштирув натижасида Яшнобод туманидаги реклама учун буюртмани 48 ёшли Ш.Ш. олгани ва бажаргани маълум бўлди.
Шунингдек, реклама учун буюртмани ташқи реклама тайёрлаш билан шуғулланувчи фирма раҳбари Самарқанд вилоятилик С.Х. бергани ўрганилган.
Шундай реклама Тошкентдан ташқари С.Х. буюртмаси билан Самарқандда ҳам ўрнатилган. Ҳозирда у олиб ташланган.
29 ёшл С.Х. реклама учун буюртмани интернет орқали россиялик блогердан олганини, бунинг учун унинг банкдаги ҳисобига пул ўтказиб берилганини айтган. Унинг сўзларига кўра, блогер унга босиб чиқариш учун тайёр ҳолдаги рекламани юборган.
Ш.Ш.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 178-1-моддаси 2-қисми (Фуқаролар ва мансабдор шахслар томонидан нотўғри реклама берганлик, ташқи рекламани жойлаштириш тартибига риоя қилмаганлик ёки аксилреклама беришдан бош тортганлик, худди шунингдек реклама қилиниши қонун ҳужжатлари билан тақиқланган маҳсулотни реклама қилганлик) билан баённома тузилган.
С.Х.га нисбатан ҳам Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 178-1-моддаси 2-қисми билан баённома тузилган.
Тошкент шаҳар ИИББ бундай рекламаларнинг жойлаштирилиши мумкинлиги ҳақида бошқа ҳудудий бошқармаларни ҳам огоҳлантирган.
Қайд этилишича, чет элдаги буюртмачини аниқлаш ишлари давом эттириляпти. Шунингдек, буюртмачи ва ижрочи рекламанинг асл мақсадидан хабардор бўлганми, йўқми бу ҳам ўрганиляпти.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь