Тошкентдаги чорраҳаларда “вафель чизмаси” пайдо бўлди
Жамият
−
12 Ноябрь 2019
12949Пойтахт Тошкентда Сингапур тажрибасини қўллаган ҳолда, бир неча чорраҳаларда ётқизилган янги йўл чизмаси пайдо бўлди. “Вафель чизмаси” деб номланаётган ушбу янги йўл чизмаси орқали пойтахтдаги тирбандликка берҳам бериш назарда тутилмоқда.
“Чизма ёрдамида ҳаракат йўналишида тирбандлик юзага чиққан ҳолатда чиқиш мумкин бўлмаган ҳудуд белгилаб олинади ва ҳайдовчи тўхташга мажбур бўлади. “Вафель чизмаси” ЙҲҚ билан белгиланган баъзи ҳолатларда ўнг ёки чап томонга бурилишни тақиқламайди.
Чизма параллел кесишадиган сариқ рангли диагонал чизиқлардан ҳосил бўлган катаклар кўринишига эга. “Вафель чизмаси” мустақил тарзда ҳамда чорраҳага яқинлашиш ҳақида огоҳлантирувчи йўл белгиси билан бирга қўлланилиши мумкин”, дейилади Тошкент шаҳар ИИББ хабарида.
Ҳозирги вақтда сариқ рангли катаклар Нукус кўчасининг Бобур, Абдулла Қаҳҳор, Глинка, Бешёғоч, Миробод, Авлиё-Ота, Афросиёб кўчалари билан кесишмасида – жами еттита чорраҳаларда чизилган.
Синов тариқасида чизилаётган чизма тирбандликлар кўп учраб турадиган бошқариладиган чорраҳаларда қўлланилади. Яқин кунларда пойтахтнинг яна 18 та чорраҳаларида, яъни қуйидаги кўчалар кесишмаларида “вафель чизмалари”ни ташкил этиш режалаштирилмоқда: Нукус – Тарас Шевченко, Нукус – Амир Темур, Нукус – Истиқбол, Мустақиллик – Оққўрғон, Мустақиллик – Сайрам (7-йўл), Мирзо-Улуғбек – Дўрмон йўли, Дўрмон йўли – Мингбулоқ, Дўрмон йўли – Ғазалкент, Дўрмон йўли – Темур Малик, Мустақиллик – Шастри, Мустақиллик – Шаҳрисабз, Шаҳрисабз – Амир Темур, Алишер Навои – Зарафшон, Шароф Рашидов – Алишер Навои, Шараф Рашидов – Матбуотчилар, Шараф Рашидов – Афросиёб, Фидоилар – Афросиёб, Шаҳрисабз – Афросиёб.
Режалаштирилган ишлар якунлангач, Тошкентдаги қамралган чорраҳаларнинг умумий сони 25 тани ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори) “Чорраҳада ҳаракатланиш” бобидаги 97-бандга мувофиқ, “Ҳайдовчи тирбандлик туфайли мажбурий тўхтаб, кўндаланг йўналишдаги транспорт воситаларининг ҳаракатланишига тўсқинлик туғдирадиган бўлса, чорраҳа ёки қатнов қисмлари кесишмасига кириши тақиқланади”.
Аммо ҳозирги вақтда баённомаларни расмийлаштириш кўзда тутилмаяпти: ҳайдовчиларга чизманинг талабларини ўрганиб чиқиш учун вақт ва унга кўникиш учун имконият берилади.
LiveБарчаси