Тошкентда ЙПХ ходимлари машина ойнасини синдириб, ҳайдовчини қўлга олди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда ЙПХ инспекторлари Nexia-2 русумли транспорт воситасини тўхтатиб, машина ойнасини қўли билан синдириб, ҳайдовчини ушлагани акс этган видео тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Матбуот хизмати расмий маълумот берди.

Қайд этилишича, кеча, 1 ноябрь куни тахминан соат 17:00 ларда 2004 йилда туғилган Акбар Х. Nexia-2 русумли автомобилни бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларга эга бўлмаган ҳолда бошқараётган вақтида йўлда уч маротаба ЙПХ инспекторларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан ҳаракатни давом эттирган.

Тўртинчи маротаба Юнусобод тумани Амир Темур ва Шаҳрисабз кўчалари кесишган чорраҳада ЙПХ инспектори М.Турдиев томонидан жезл ва хуштак ёрдамида тўхташ ишораси берилганда, ҳайдовчи катта тезликда ҳаракатни давом эттирган. Бир нечта ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмасдан ҳаракатини давом эттираётган ушбу автомобиль ҳаракатини чеклаш мақсадида бошқа транспорт воситалари тўхтатилган. Сўнг Амир Темур – Алишер Навоий – Шаҳрисабз кўчалари кесишган чоррахада ЙПХ инспектори Д.Ғаниев томонидан транспорт воситаси тўхтатиб қолинган. 

“Ҳайдовчи ўзини шубҳали тутганлиги, ходимларнинг эшикни очиш ва транспорт воситасидан тушиш ҳақидаги қонуний талабига бўйсунмасдан, транспорт воситасини ичкаридан қулфлаб олганлиги сабабли, транспорт воситасининг ойнасини синдириш орқали ҳайдовчининг эшиги очилган ва ҳайдовчининг транспорт воситасини бошқариш имконияти чекланган”, дейилади расмий хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳайдовчи Акбар Х.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси (“Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Транспорт воситаси жарима майдонига жойлаштирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

900

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг