Тошкентда ёнғин хавфсизлигига риоя қилмаган бинолар ёпилди
Жамият
−
06 Февраль 1473 1 дақиқа
Кеча, 5 февраль куни Тошкент шаҳри ҳудудида одамлар гавжум бўлиши мумкин бўлган биноларнинг фавқулодда вазиятлар, хусусан, ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги юзасидан давлат ёнғин назорати органлари томонидан текширувлар ўтказилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ФВББ QALAMPIR.UZ’га хабар берди.
Текширувлар натижасида Мирзо Улуғбек, Чилонзор, Яккасарой, Янгиҳаёт, Юнусобод, Бектемир ҳамда Яшнобод туманларида жойлашган жами 10 та кўнгилочар савдо мажмуаларида ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг қўпол равишда бузилгани аниқланган. Келтирилишича, мазкур камчиликлар инсонлар ҳаёти ва саломатлигига жиддий хавф солган.
Шу сабабли, белгиланган тартибда ушбу объектларнинг фаолияти аниқланган камчиликлар тўлиқ бартараф этилгунига қадар вақтинча тўхтатилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 31 январь куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги “Aviator” савдо-кўнгилочар марказида ёнғин содир бўлганди ва оқибатда 3 ёшли қизалоқ вафот этганди. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 192-11- (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) ва 259-моддалари (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Live
Барчаси