Тошкентда вафот этган италияликнинг ўлими сирлари очилди. Унинг мурдаси чириб кетган

Таҳлил

image

Агар ёдингизда бўлса, жорий йилнинг 16 февраль куни Италия фуқароси Жоржо Гено Тошкентда ижарага олган уйида ўлик ҳолда топилгани, ҳолат бўйича суриштирув-тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳақида хабар берган эдик. QALAMPIR.UZ хорижлик навқирон йигитнинг Ўзбекистон пойтахтида шубҳали ўлим топиши тафсилотлари билан қизиқди ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан ҳамкорликда ушбу ҳолатни ўрганди. 
 
1992 йилнинг 1 сентябрь куни туғилган, Италия фуқароси бўлган Жоржо Гено Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Буюк Турон кўчаси, 76-уй, 36-хонадонда ижарага яшаб келган. Мазкур хонадон А.Нуриддиновага тегишли бўлиб, хонадонни Ф.Балгабаевага сотиш ҳуқуқисиз фойдаланишга берган ва Ф.Балгабаева хонадонни ижарага бериш билан шуғулланган. 

2019 йилнинг тахминан 10 декабрь кунлари Ф.Балгабаевага италиялик Жоржо Гено мурожаат қилади ва уйни кўздан кечиради. Икки тараф таржимонсиз бир-бирларини тушунишади. Айрим ҳолларда интернетдаги таржима дастурларидан фойдаланган ҳолда ижара учун ойига 3 500 000 сўмга келишидилар. Уйни ижарага олувчи Жоржо Гено Ф.Балгабаевага ушбу хонадонда бир ўзи истиқомат қилишини, кўпинча хорижий давлатларда сафарда бўлиши сабаб, ҳамма вақт уйда қолмаслигини айтади. 19 декабрь куни фуқаро уйни ижарага берувчи аёлга бир ойлик ижара ҳақини тўлайди. Шу куни Балгабаева Жоржо Генони 17 кунга вақтинча рўйхатдан ўтказади ва 2020 йилнинг 5 январь куни Жоржо Генонинг илтимосига кўра, уни онлайн рўйхатдан ўтказиш учун уйга келади. 

2020 йилнинг 19 январь куни Балгабаева яна ушбу уйга келиб, Жоржо Генодан навбатдаги ой учун ижара пулларини олиб кетади. Бу орада улар қайта кўришишмайди. 

9 февраль куни Истанбул шаҳридан Тошкентга қайтган Жоржо Гено уйни ижарага берган Ф.Балгабаевага қўнғироқ қилиб, хонадон калитларини йўқотиб қўйгани, ўзи эса аэропортдан уйга келаётганини айтиб, эшикнинг қўшимча калитларини беришини сўрайди. Улар орадан ярим соат ўтар-ўтмас уй олдида учрашадилар. Балгабаеванинг қайд этишича, ўша маҳал Жоржо Генонинг юзлари оқарган, касаллик белгилари борлиги сезилган. У юқори қаватга лифт орқали кўтарилаётганда қорнини ушлаб олган ва оғриқ борлигини айтган. Балгабаева эса самолётда учиб келгани боис унда бироз безовталик бор деб ўйлаган.

10 февраль куни соат 11:00 да Ф.Балгабаева Жоржо Гено билан қўнғироқлашиб, онлайн рўйхатдан ўтказиш учун тушдан сўнг келишини айтади ва 15:00 да унинг ёнига боради. Балгабаева суриштирув жараёнидаги ўз кўрсатмасида, 10 февраль куни Жоржо Гено билан учрашганида унинг овозида ланжлик ва бетоблик аломатлари бўлгани, у қорнини ушлаб гаплашгани, суҳбат жараёнида 2-3 марта ҳожатхонага бориб келгани, унга ошқозонида оғриқ борлигини айтганини маълум қилган. Балгабаева ундаги касаллик аломатларини овқатдан заҳарланиш деб ўйлаб, Жоржо Генога тез ёрдам чақириб беришни таклиф қилади. У эса Балгабаеванинг таклифини рад этиб, Дюспатолин, Фосфалюльгел ва чет тилида ёзилган дорини кўрсатиб, шулардан фойдаланаётганини айтади. Балгабаева шу куни Жоржо Генони онлайн рўйхатдан ўтказишни узайтириш ишларини якунига етказиб, яна ортига қайтади. 

Ўша куни соат 20:00 атрофида Ф.Балгабаеванинг уяли алоқа телефонига нотаниш чет эл рақамидан қўнғироқ бўлади. Балгабаева Telegram орқали ушбу рақамни Жоржо Генога йўллаб, бу рақамни таниши ё танимаслигини сўрайди. Жоржо Гено бу рақамларни танимаслигини айтади. Шундан сўнг, улар мулоқот қилмайди, кўришмайди. 

Марҳум билан яқин муносабатда бўлган қиз нима дейди?

Тергов-суриштирув ҳаракатларига оид маълумотлар ва кўрсатмалар орасида Жоржо Генонинг аҳволи 9-10 февраль кунлари оғирлашганини тасдиқловчи далиллар талайгина. Жумладан Жоржо Гено билан яқин муносабатда бўлган Д.Норкина ҳам буни тасдиқлайди. 

Улар 2019 йилнинг декабрь ойида ижтимоий тармоқ орқали танишиб қоладилар. Қиз билан мулоқотда Жоржо Гено кўп йиллардан буён турли давлатларни сайёҳ сифатида кезиб келаётгани, Тошкентга Италиядан келгани, крипто-валюта билан шуғулланиши, Тошкент унга ёқиб қолгани, кўзида кўриш билан боғлиқ муаммолари борлигини айтади. 2020 йилнинг январь ойида Жоржо Гено қиздан уйини тозалашда ва кийимларини ювишда ёрдам сўрайди. Қиз бунга рози бўлади ва унинг уйига келади. Улар тунги соат 01:00 атрофида хайрлашадилар. Кейинчалик улар Telegram орқали мулоқотни давом эттирадилар. 

2 февраль куни Жоржо Гено қизнинг ёнига келиб, Амстердамга кетаётганини айтади ва сафар олдидан уйини тозалашда ёрдам сўрайди. Қиз яна рози бўлади. Шу куни Жоржо Гено бир неча бор ҳожатхонага кириб чиқади ва қизга ичакларида оғриқ борлигини айтади. Шундан сўнг улар 6 февраль куни ижтимоий тармоқ орқали мулоқот қиладилар. Ўшанда Жоржо Гено кўзидаги муаммолар сабаб апрель ойида Лондонга бормоқчилигини айтади. Шу куни соат 16:00 атрофида Жоржо Гено қизга яна алоқага чиқиб, тоби бўлмаётгани, юрагининг пастки қисми, ошқозонига яқин жойида кучли оғриқ борлигини, Истанбулдаги шифокорларга кўринганида, улар овқатдан заҳарланиш ташхисини қўйганларини айтади. 

Жоржо Гено 9 февраль куни қизга Тошкентга келгани ҳақида хабар беради ва соат 00:00 гача алоқага чиқмайди. У соат 00:40 ларда ухлаб қолганини айтади ва қиздан унга таом буюртма қилиб беришини сўрайди. Буюртма етиб келгач, йигит қизга “раҳмат” деб овозли хабар йўллайди. Қиз эса унга соғлик тилайди, шундан сўнг унга жавоб хати келмайди. Орадан бир суткадан ортиқроқ вақт ўтиб, яъни 11 февраль куни ҳам Жоржо Гено қизнинг SMS’ларига жавоб қайтармайди, қиздан келган хабарларни очмайди. Қиз 18 февраль куни йигитдан хавотир олиб, унинг уйига келади. Бу вақтда эса уй эшиги муҳрланган, Жоржо Гено вафот этган эди. 

Йигитнинг мурдаси чириб кетган ҳолда топилган

Йигитнинг ота-онаси, Италиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига мурожаат қилиб, ўғли Жоржо Гено жорий йилнинг 8 февралидан бошлаб алоқага чиқмаётгани ҳақида хабар қиладилар. Шу асосда 16 февраль куни Италиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимлари Ички ишлар органлари ходимлари билан бирга Жоржо Гено ижарага олиб яшаётган уйга келадилар. 

Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиали суд-тиббий эксперти Павел Дин 16 февраль куни соат 17:00 атрофида Ички ишлар бош бошқармасининг 102 хизматига келиб тушган хабар асосида навбатчи тезкор гуруҳ билан биргаликда Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Буюк Турон кўчаси 76-уй, 36-хонадонга етиб боради. Ишчи гуруҳ уй эгаси ҳамроҳлигида уйга киради. Уйда барча буюмларнинг тартиби бузилмаган эди. Ётоқхонадаги диван устида тепага қараб ётган эркак киши жасадини кўрадилар. Кейинчалик ушбу чириган мурда Италия фуқароси Жоржо Генога тегишли экани аниқланган. Мурда кўздан кечирилганда, бирор бир кўринарли тан жароҳатлари ва уларнинг излари аниқланмаган. Уйда кўплаб ҳар хил дори воситалари – протеинлар, тестестеронлар, ингалятор, оғриқ қолдирувчи, тинчлантирувчи, жами 70 хил дори топилган. Улар орасида анаболик, стероидлар, кўз линзалари ва номсиз дори воситалари ҳам бўлган. 

Ҳолат бўйича тушунтириш берган Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиали морфология бўлими давлат суд эксперти Б.Якубов инсоннинг нафас олганда, яъни юрак пастида, туш ортида оғриқлар бўлиши кўпроқ юрак ишемик касаллигининг белгиси ҳисобланишини, кучли жисмоний зўриқиш, шунингдек, аноболик стероидлар юрак зўриқиш ва ишемик касалликларга олиб келиши эҳтимолидан холи эмаслигини, шунингдек, суд-тиббий текширувида Жоржо Генонинг юраги меъёридан анча катталиги аниқлангани, бунга эса жисмоний зўриқиш сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини маълум қилган. 

Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиали морфология бўлими экспертлари Н.Алланазаров ва Б.Якубовларнинг 2020 йил 16 февралдаги 209-сонли экспертиза хулосасига кўра, Жоржо Гено мурдасининг танаси чуқур чириган ҳолатдагили учун ўлим сабабларини қатъиян аниқлашнинг имкони бўлмаган. Аммо унинг ички аъзолари – юрак, қон томирларида аниқланган патологик ўзгаришлар, суд-кимё текширувида қонидан 0,5 профилле алкоголнинг топилиши, ўлим алкоголдан мастлик фонида ўткир юрак қон томир етишмовчилигидан юз берган бўлиши мумкинлигидан далолат беради. Ўлим юз беришидан то мурда танасининг суд тиббий текширувигача мурдада кечган ўзгаришларнинг даражаси инобатга олинганда, 3 суткадан кўп, аммо 10 суткадан кўп бўлмаган вақт ўтгани аниқланган. Жоржо Генонинг танасида бирор бир жароҳат излари топилмаган. Унинг ички аъзоларида кардиосклероз касаллигининг морфологик белгилари борлиги аниқланган. 

Миробод тумани Тиббиёт бирлашмаси марказий кўп тармоқли поликлиникасининг жорий йил 24 февралдаги маълумотномасига кўра, Жоржо Гено поликлиникага мурожаат қилмагани аниқланган. 

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг маълумотномасида эса, Жоржо Гено 2019 йилнинг 31 октябрь куни Куала-Лумпур – Сингапур орқали Тошкент шаҳрига кириб келгани айтилади. У 2019 йилнинг 27 ноябрь куни Тошкент шаҳридан Туркиянинг Истанбул шаҳрига жўнаб кетган ва шу йилнинг 5 декабрь куни Тошкентга қайтиб келган. 2020 йилнинг 2 январь куни Тошкент шаҳридан Олма-отага сафар қилган ва орадан уч кун ўтиб, 5 январь куни яна Тошкентга қайтган. Сўнгги сафарини Истанбулга қилган Жоржо Гено 4 февраль куни Истанбулга учган ва 9 февраль куни Тошкентга қайтиб келган. 

1992 йилнинг 1 сентябрь куни Италияда туғилган Жоржо Генонинг мурдаси жорий йилнинг 16 февраль куни бирор бир тан жароҳати ёки қотиллик аломатларисиз топилганидан келиб чиқиб, Тошкент шаҳар Миробод тумани прокуратураси томонидан ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

3455

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг