Тошкентда тиланчилар пул топиш учун ўзгаларнинг боласидан фойдаланаётгани маълум бўлди
3-саҳифа
−
26 Март
6061Тошкентда тиланчиликни ўзига касб қилиб олган аёллар пул ишлаш мақсадида бошқаларнинг гўдак фарзандларидан фойдаланаётгани аниқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
"Учтепа туманида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида 3 ёшга тўлмаган, 1,5 ёшлар атрофидаги 3 нафар бола ўзининг онаси бўлмаган бошқа аёллар томонидан тиланчилик қуроли сифатида фойдаланилаётгани маълум бўлди", дейди туман ИИО ФМБ бошлиғи ўринбосари Абдурашид Очилов.
Унинг сўзларига кўра, болалар ўрнатилган тартибда гўдаклар уйига жойлаштирилган.
Шунингдек, Учтепа туманидаги масжидлар атрофи ва чорраҳаларда тиланчилик билан шуғулланиб келаётган 26 нафар аёл аниқланган. Уларнинг 13 нафар фарзанди таълим доирасидан чиқиб кетиб, пул топиш билан шуғулланиб юргани боис Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган.
Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188-3-моддасига кўра, тиланчилик билан шуғулланиш 1-3 БҲМ (340 минг сўмдан 1 млн 20 минг сўмгача) маъмурий жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазосига сабаб бўлади.
Тиланчилик учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахс бу қилмишни такроран содир этса, Жиноят кодексига асосан 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шунингдек, маъмурий ва жиноий жавобгарлик кодексларида болаларни, қарияларни, руҳий ҳолати бузилган, ногиронлиги бўлган шахсларни ва бошқаларни тиланчилик қилишга жалб этганлик учун 5 - 10 БҲМ маъмурий жарима ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси назарда тутилади.