Тошкентда тарбиячи болага шиппак улоқтирди
3-саҳифа
−
25 Январь
6388Бир қанча оммавий ахборот воситаларида Тошкент шаҳри, Юнусобод туманида жойлашган боғчалардан бирида тарбиячи болага шиппак отгани ва оқибатда унда қонли гематома пайдо бўлгани ҳақида хабарлар берилди. Ушбу ҳолатга Болалар омбудсмани муносабат билдирди.
“Сўнгги пайтларда турли таълим муассасаларида болаларга қўпол муомала ёки озор берилиши оқибатида уларга турли даражадаги жароҳат ёки эмоционал-психологик таъсир кўрсатиш фактлари учрамоқда. Болалар омбудсмани бола манфаатларининг бундай тарзда бузилиши ҳолатларига мутлақо муросасиз бўлиб, тарбиячи ва педагоглар ўзининг бирламчи вазифаси, яъни болага таълим ва тарбия беришга зид равишда боланинг жисмоний ва руҳий соғлиғига зарар етказиши – йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат, деб ҳисоблайди”, дейилади омбудсман муносабатида.
Билдирилишича, айнан шунинг учун ҳам мактабгача таълим ва мактаб муассасаларида болаларга нисбатан жисмоний зўравонлик, номуносиб муомалага йўл қўяётган шахслар нафақат лавозимидан ёки вазифасидан озод этилиши, балки ҳар қандай ҳолатда қонун доирасидаги тегишли жавобгарликка тортилиши шарт.
“Бунда жавобгарлик чоралари боланинг ота-онаси эътироз билдириши ёки билдирмаслигидан қатъий назар қўлланилиши зарур. Зеро, болаларга нисбатан содир этилган ҳар қандай зўравонлик ҳолатининг жавобсиз қолиши нафақат бундай номаъқул амалиётни давом этишига, балки фарзандларимиз кўзида катталарга бўлган ишончнинг йўқолишига олиб келади”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, 255-мактабгача таълим муассасасида вояга етмаган А.С.га нисбатан бўлган ҳолат боланинг онаси билан боғланган ҳолда Болалар омбудсмани ва Ички ишлар органлари томонидан ўрганилмоқда. Бу ҳақида қўшимча маълумот берилади.
LiveБарчаси