Тошкентда танишининг номақбул фото ва видеоларини тарқатмаслик учун пул талаб қилган йигит ушланди
3-саҳифа
−
18 Декабрь 2021
9042Жорий йилнинг 14 декабрь куни Тошкентда фуқаронинг шаънига путур етказадиган фото ва видеоларни ижтимоий тармоққа тарқатмаслик учун ундан пул талаб қилган йигит ушланди.
Тергов департаменти маълумотига кўра, 14 декабрь куни Наманган вилоятида яшовчи 27 ёшли А.И. Яккасарой туман ИИО ФМБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилган. Унда 2021 йил 11 декабрь куни 21 ёшли Ж.З. уни шаънига путур етказадиган фото ва видео тасвирларни Instagram’га жойлаштирмаслик эвазига 5 000 000 сўм миқдорида пул талаб қилаётганини ва унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Шу куннинг ўзида А.И.нинг аризаси бўйича ўтказилган тезкор тадбир давомида Ж.З. Яккасарой тумани Ш.Руставели кўчасидаги супермаркет олдида А.И.дан 100 АҚШ доллари ва 500 000 сўм пулни олаётган вақтида тезкор ходимлар томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Яккасарой тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ж.З. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, у процессуал тартибда ушланган.
Дастлабки тергов жараёнида аниқланишича, Ж.З. олдин хам А.И.нинг шаънига путур етказадиган фото ва видео тасвирларни Instagram ижтимоий тармоғига жойлаштирмаслик эвазига ундан товламачилик йўли билан 4 000 000 сўм миқдорида пул олгани, бундан ташқари унинг бошқа харажатлари учун пул тўлаб келгани аниқланган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси