Тошкентда талаба аудиторияда севги изҳор қилиб “бало”га қолди (видео)
Жамият
−
10 Март 2022
39575Ижтимоий тармоқлара Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университетида 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ташкил этилган байрам тадбирида талаба йигитлардан бири саҳнага чиқиб, томошабинлар орасида ўтирган талаба қизга севги изҳор қилгани, оқибатда ўқитувчиларидан калтак егани акс этган видеолавҳа тарқалди.
Тадбирда йигит микрафонни олиб, барчанинг олдида ўзининг дил сўзларини атрофдагиларнинг қаршиликларига қарамасдан Маҳлиё исмли талаба қизга айтади.
“18 минг олам яралибдики, ҳар бир мавжудот ўз шериги, жуфти билан яратилди. Худди шундай ҳаммамизнинг жуфтли бўлишга, севишга, севилишга ҳаққимиз бўлганидек, менинг севганим ҳам шу ерда ўтирибди. Шу қизга ҳозир севги изҳор қилмоқчиман. Маҳлиё, мен сизни севаман. Сизга бундан бошқа яна қандай исбот керак? Сизни яхши кўраман”, дея йигит қалб туйғуларини тилга кўчирган.
Шундай ошиқона сўзлар янграётган бир пайтда тадбирда қатнашаётган ўқитувчилар йигитнинг қўлидан микрофонни тортиб олмоқчи бўлади. Улардан бири ҳатто “мажнун”нинг юзига шапалоқ ҳам тортиб юборади. Залда эса тадбир иштирокчилари ўртасида қий-чув бошланади. Видео сўнгида ўқитувчилар йигитчани судраб олиб чиқиб кетади.
Видео тарқалганига кўп вақт бўлмасдан университет Матбуот хизмати ҳолат бўйича изоҳ берди. Унга кўра, ушбу ҳолат факултет QVZ жамоасининг “Хафа бўлиш йўқ” кўрсатувига тақлидан намойиш этилган саҳна кўринишидан кесиб олинган ҳолатдир.
“Ҳеч қандай нохуш вазият юз бермаганини маълум қиламиз”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси