Тошкентда Сурияга “жиҳод” учун кетишни режалаштирган 11 киши қўлга олинди
Жамият
−
30 Июнь 2020
18843Бугун, 30 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ДХХБ, ИИББ ходимлари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри ҳудудида яширин фаолият олиб борган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилотининг бир гуруҳ тарафдорлари қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Хусусан, ИИВ ҳузуридаги Тергов Департаменти юритувида бўлган жиноят иши доирасида Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Шайхонтоҳур туманлари ҳудудидаги 8 та манзилларда тинтув тадбирлари ўтказилиб, 11 нафар шахслар ички ишлар идораларига келтирилди.
Мавжуд маълумотларга кўра, мазкур шахслар ҳозирда Сурияда террористик фаолият олиб бораётган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” жангариларининг ғоявий таъсирига тушган ҳолда Тошкент шаҳрида яширин гуруҳ тузиб, ноқонуний йиғилишлар давомида интернет тармоғи орқали кўчириб олинган экстремистик мазмундаги материалларни муҳокама қилиб келишган ҳамда “ҳижрат” ва “жиҳод” амалларини бажариш мақсадида Сурия давлатига чиқиб кетишни режалаштиришган.
Ушланган шахсларнинг яшаш манзилларидан жиноятга алоқадор бўлган ашёвий далиллар топилиб, қонуний тартибда расмийлаштирилиб олинган.
Ҳозирда тергов-суриштирув тадбирлари давом эттирилмоқда.
Маълумот ўрнида, “Тавҳид ва жиҳод катибаси” Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан террористик деб топилиб, Ўзбекистон ҳудудида унинг фаолияти тақиқланган.
LiveБарчаси