Тошкентда сохта Бош прокуратура ходими ушланди
3-саҳифа
−
15 Декабрь 2022
10598Тошкентда сохта Бош прокуратура ходими аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Қайд этилишича, “Ўзбекистон-24” телеканалининг “Вазият-24” кўрсатувида Бош прокуратура ходими ҳужжатларсиз автомашина бошқариб келгани ҳақида лавҳа берилган.
Ушбу лавҳада айтилишича, жорий йилнинг 13 декабрь куни Чилонзор туманида Spark машинаси шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси инспекторлари томонидан тўхтатилган. Ҳайдовчидан ҳужжатлари сўралганда, у ўзини Бош прокуратуранинг ходими сифатида таништирган. Ҳайдовчи гувоҳномасини кўрсатганда, гувоҳнома холислар иштирокида тегишли тартибда расмийлаштириб олиб қўйилган.
Мазкур ҳолат Бош прокуратура томонидан ўрганилганда, ҳайдовчи прокуратура органларида ишламаслиги ва у кўрсатган гувоҳнома қалбакилиги аниқланган.
Ҳолат бўйича Чилонзор тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми “б” банди ва 3-қисми (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бош прокуратура лавҳани тайёрлаганларни маълумотни тўлиқ ўрганмасдан, бир ёқлама фикр билан тақдим этганликда айблаган.
“Шуни қайд қилиш лозимки, мазкур лавҳани тайёрлаш ва маълумотлар тақдим қилишга масъул бўлган матбуот хизмати томонидан ҳолатга тўлиқ ойдинлик киритилмасдан, бир ёқлама ва нохолис таассурот ва тушунчаларга сабаб бўладиган маълумот тақдим қилинган”, дейилади Бош прокуратура хабарида.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь