Тошкентда наркотик тарқатган “омборчи” ва наркокурьер ушланди (видео)

Жамият

image

Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида 2 килограммга яқин “мефедрон”, “Альфа-ПВП” ва “гашиш” гиёҳвандлик воситалари аниқланиб, уларнинг ноқонуний тарқатилишига чек қўйилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, “Қорадори-2026” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида ИИВ Тезкор-қидирув департаменти ҳамда ҳудудий бўлинмалар ходимлари томонидан Тошкент вилоятида тезкор тадбир ўтказилган. Унда 1965 ва 1961 йилларда туғилган, аввал Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 276-моддалари (гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) билан судланган ака-укалар наркожиноий фаолият билан шуғулланиб келгани аниқланган. Улардан бири омборчи, иккинчиси эса наркокурьер бўлиб ишлагани маълум бўлган.

Ака-укалар нарко-дўкон кураторининг топшириғига кўра, ўзлари бошқарадиган Orlando автомашинасида Бектемир туманидаги дала майдонида яширилган 550 грамм “мефедрон”ни олиб кетаётган вақтида қўлга олинган.

Шундан сўнг, тезкор тадбирлар Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида давом эттирилган. У ерда 1992 йилда туғилган, аввал Жиноят кодексининг 276-моддаси (гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 2-қисми билан судланган шахснинг автомобили тўхтатилиб текширилганда, ундан 202 грамм “мефедрон” аниқланган.

Унинг яшаш хонадондан эса гиёҳвандлик воситаларини қадоқлаш учун мўлжалланган изолента, тарози ва зип-пакетлар ашёвий далил сифатида олинган. Кейинги тезкор тадбирда нарко-дўкон куратори томонидан ташлаб кетилган локациядан 50 грамм “мефедрон”ни олаётган, аввал Жиноят кодексининг 276-моддаси (гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) билан судланган “закладчик” ҳам қўлга олинган.

Сергели туманида ўтказилган тадбирда эса 2008 йилда туғилган қиз яшаётган хонадонда 280 грамм “Альфа-ПВП”, 300 грамм “мефедрон” ва 81 “грамм” гашиш сақланаётгани аниқланган.

Ҳолатлар юзасидан наркожиноий фаолият билан шуғулланган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси (гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

ИИВ маълумотига кўра, ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида жами 2 килограммга яқин гиёҳвандлик воситасининг аҳоли орасида тарқалишининг олди олинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Таиланддан Ўзбекистонга 7,5 кг килограммдан ортиқ наркотик моддаларни олиб кириш ва тарқатишга уриниш аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг