Оққўрғонда 20 дан ортиқ қорамолни ўғирлаб, бозорда сотганлар қўлга тушди (видео)

Crime

−

image

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида 20 дан ортиқ қорамолни ўғирлаб, бозорларда сотган уч киши қўлга олинди. Ўғирланган молларнинг умумий қиймати 200 миллион сўмдан ошган. Бу ҳақда Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, гумонланувчилар 1989, 1997 ва 2000 йилларда туғилган фуқаролар бўлган. Уларнинг каттаси аввал Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) учинчи қисми билан судланган.

Терговга қадар текширув давомида жорий йилнинг 24 октябрь куни Оққўрғон туманида яшовчи фуқаронинг дала майдонидан 10 миллион сўмлик бир бош қорамол ўғирлангани аниқланган. Шунингдек, март ойида Хонобод маҳалласида яшовчи фуқаронинг 20 миллион сўмлик икки бош қорамоли олиб қочилган.

Таъкидланишича, уч нафар гумонланувчи бу каби жиноятларни мунтазам содир этиб келган. Улар ўғирланган қорамолларни “Чирчиқ” ва “Янгийўл” бозорларида сотиб, пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаган. Жиноятларда фойдаланилган транспорт воситалари ва уларнинг ҳайдовчилари ҳам аниқланган.

Гумонланувчилардан бири ўз айбига иқрор бўлиб, шериклари билан бирга 16 бош қорамолни ўғирлаб сотганини айтган. У қилмишидан пушаймонлигини билдириб, Оққўрғон аҳолисидан узр сўраган.

Билдирилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) иккинчи қисми “в”, “г” бандлари ҳамда учинчи қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Улар қамоққа олинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида аёл кишининг йўқотиб қўйган телефонидан фойдаланиб, банк картасидаги 11,5 млн сўмни ечиб олган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends