Тошкентда Мустақиллик шоҳ кўчаси яна 16 кунга ёпилади

Жамият

image

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги Мустақиллик шоҳ кўчасининг бир қисми қурилиш-таъмирлаш ишларининг навбатдаги босқичи муносабати билан икки ҳафтадан ортиқ муддатга транспорт ҳаракати учун ёпилади. Бу ҳақда кеча, 15 июль куни Тошкент шаҳрида Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази хабар берди.

Аввалроқ, Мустақиллик шоҳ кўчаси бўйлаб, Мирзо Улуғбек кўчаси кесишмасидан Оққўрғон кўчасигача йўналишидаги қатнов қисми қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиши сабабли 12 кун муддатга транспорт воситалари ҳаракати учун ёпилиши хабар қилинганди. Маълум қилинишича, кўчанинг бир томонидаги қатнов қисмида қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланган.

Шунингдек, кўчанинг иккинчи – қарама-қарши томонини таъмирлаш ишлари бошланиши муносабати билан эндиликда ушбу йўналишда транспорт ҳаракати вақтинча чекланади.

Шу муносабат билан жорий йилнинг 16 июль куни соат 01:00 дан 31 июль куни соат 22:00 га қадар Мустақиллик шоҳ кўчасининг Паркент кўчаси кесишмасидан Мирзо Улуғбек кўчаси чорраҳасигача бўлган қатнов қисми транспорт воситалари ҳаракати учун вақтинча ёпилади.

Бунинг ўрнига, бугун, 16 июль куни соат 02:00 дан бошлаб қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланган Мирзо Улуғбек кўчаси кесишмасидан Оққўрғон кўчасигача бўлган йўналиш барча турдаги транспорт воситалари ҳаракати учун очилади.

Билдирилишича, мазкур чекловлар Мустақиллик шоҳ кўчасини тўлиқ ва сифатли реконструкция қилиш, ҳаракат хавфсизлигини ошириш ҳамда ҳайдовчилар, йўловчилар ва пиёдалар учун замонавий ва қулай йўл инфратузилмасини яратиш мақсадида жорий этилмоқда.

Ҳайдовчиларга юзага келиши мумкин бўлган ноқулайликларни инобатга олиб, ҳаракат йўналишларини олдиндан режалаштириш тавсия этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳридаги Авиасозлар кўчасининг бир қисми иссиқ сув қувурлари таъмирланиши ва алмаштирилиши сабаб 20 кунга ёпилиши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг