Тошкентда 260 фоизгача фойда ваъда қилган молиявий пирамида таъсисчилари ушланди

Жамият

image

Жорий йилнинг 17 ноябрь куни Тошкент шаҳар ИИББ “Golden Cash story” МЧЖ кўринишдаги хорижий корхона ва унинг мансабдор ходимларига нисбатан пул маблағларини жалб этишга доир ноқонуний фаолият билан боғлиқ моддалар билан жиноий иш қўзғатди. 

Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти Матбуот хизматининг маълум қилишича, Украина фуқароси 29 ёшли М.М Тошкент шаҳрида “Golden Cash story” МЧЖ шаклидаги хорижий корхона таъсис этган. Сўнгра бир гуруҳ шахслар билан олдиндан тил бириктириб, корхонанинг асосий фаолият улгуржи савдо бўлсада, пул маблағлари ва мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият билан шуғулланиб келган. 

Маълум қилинишича, “Golden Cash story” МЧЖ ушбу корхонага тилла ва кумуш буюмларини инвестиция тариқасида киритган тақдирда, корхона томонидан ишлаб чиқарилган тилла ва кумуш маҳсулотларини сотиш орқали орттирган даромадларидан ҳар куни 2 фоиз, йилига 260 фоиздан даромад бериб бориш билан одамларни қизиқтириб, фуқаролардан 100 доллардан 5 300 АҚШ долларигача бўлган нархдаги тилла ва кумуш буюмларни қабул қилган. 

Шунингдек, “Golden Cash story” МЧЖ мижозлар олдидаги мажбуриятларини янги мижозлар ҳисобидан гўёки даромад сифатида пластик карталарига маълум миқдорда пул маблағларини ўтказиш йўли билан қизиқтириб, республика бўйича минглаб фуқароларнинг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини қўлга киритган. Қайд этилишича, улар ўз фаолиятларини тарғибот-ташвиқот қилишда интернет тармоқларидан фойдаланган. 

Жорий йилнинг 17 ноябрь куни Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан “Golden Cash story” МЧЖ кўринишдаги хорижий корхона ва унинг мансабдор ходимларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1881-моддаси 2-қисми “в,г” бандлари (пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият) билан жиноий иш қўзғатилган. 

Хабарга кўра, ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича фуқароларга етказилган зарарни аниқлаш ишлари амалга оширилмоқда. Жиноят иши доирасида “Golden Cash story” МЧЖнинг мансабдор шахслари: М.М., в.К.,С.Т., А.С., ва Х.Ш., ларга 1881-моддаси 2-қисми “в,г” бандлари билан айблов эълон қилиниб, ҳар бирига нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда жиноят иши юзасидан терговни Тергов департаменти олиб бормоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

744

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг