Тошкентда МИБ, солиқ, божхона ходимлари пора билан ушланди
3-саҳифа
−
05 Ноябрь
6633Тошкент вилоятида коррупцияга қарши курашиш доирасида олиб борилган тезкор тадбирда божхона пости инспектор-суриштирувчиси ва солиқ ҳамда Мажбурий ижро бюроси ходимлари пора билан қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Мажбурий ижро бюросининг Қибрай туман бўлими давлат ижрочиси фуқаронинг кредит қарздорлиги сабабли хатловга олинган мол-мулкини аукцион савдога чиқармаслик ҳамда унга нисбатан ўзининг иш юритувида бўлган ижро ишини тугатиб бериш эвазига 5 минг АҚШ доллари талаб қилиб, дастлаб 2 минг АҚШ доллари олган. У қолган 3 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зангиота туманида кузатилган ҳолатда, туман солиқ инспекциясининг шўъба бошлиғи вазифасини бажарувчи шахс қурилиш моллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган оилавий корхонанинг фаолиятига раҳнамолик қилиш ва 1 йил давомида текширув ўтказмаслик эвазига 1200 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Мазкур мансабдор шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Кейинги ҳолатда эса Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Яллама” чегара божхона пости инспектор-суриштирувчиси тақиқланган товарларни тадбиркор томонидан Ўзбекистонга олиб кириш бўйича содир этилган ҳуқуқбузарликни судда кўриб чиқишда мансабдор танишлари орқали унга енгиллик яратиб бериш ва ушбу товарларни республикадан қайтариб олиб чиқиб кетишида ёрдам бериш эвазига 1000 АҚШ доллари олган вақтида ушланган. Терговга қадар текширув давомида божхона инспектори мазкур масалада кўмаклашиш учун муқаддам 300 АҚШ доллари олгани ҳам маълум бўлган. Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё, Навоий, Андижон ва Сирдарё вилоятларида бир неча туман ҳокимларининг ўринбосарлари ва ёрдамчилари томонидан содир этилган пора олиш билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилганди. Ховос тумани ҳокимининг ўринбосари эса 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинганди.
LiveБарчаси