Тошкентда МИБ мансабдорлари 200 млрд сўмлик ижро ишини асоссиз тугатгани аниқланди
3-саҳифа
−
08 Ноябрь
5533Тошкент шаҳрида Мажбурий ижро бюросининг Шайхонтоҳур туман бўлими мансабдор шахслари 202,9 млрд сўмлик 200 та ижро ишини қонунчилик талабларига зид равишда асоссиз тугатгани аниқланди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, бюронинг туман бўлими иш юритувида бўлган “С.Б” МЧЖдан давлат фойдасига 19 млрд сўмлик, “П.П” МЧЖдан 179,2 млн сўм солиқ қарздорлигини ундириш тўғрисидаги ижро ишлари қонунчилик талабларига зид равишда асоссиз тугатилгани оқибатида ушбу солиқ қарздорликлари бугунги кунга қадар ундирилмаган.
Шунингдек, “СCГ” МЧЖ дан 26,3 млрд сўм, “Р.Ф.П.” МЧЖдан 19,4 млрд сўм ва “Я.М.С.Э.Т” МЧЖдан 1,7 млрд сўм давлат фойдасига солиқ қарздорликларини ундириш тўғрисидаги ижро ишлари мазкур корхоналар фаолият юритиб келаётган манзили аниқ бўла туриб, асоссиз тамомланган.
Шу каби “П.Э.Э.С” МЧЖдан ундирувчи “Б.П.Т” МЧЖнинг фойдасига жами 1,9 млрд сўм, “М.С.” МЧЖдан ундирувчи “С.” АЖнинг фойдасига 1,1 млрд сўм қарздорликларни, қарздор Б.П.дан ундирувчи Н.Г.нинг фойдасига 332 млн сўм жиноят натижасида етказилган зарарни, қарздор “М.Т” МЧЖдан давлат фойдасига 6,3 млрд сўм ва 331 млн сўм солиқ қарздорлигини ундириш тўғрисидаги ижро ишлари қарздорнинг номига расмийлаштирилган мол-мулклар мавжуд бўла туриб, асоссиз якунланган.
Ҳолатлар юзасидан ўрганиш мобайнида тўпланган ҳужжатлар асосида Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида коррупцияга қарши курашиш доирасида олиб борилган тезкор тадбирда божхона пости инспектор-суриштирувчиси ва солиқ ҳамда Мажбурий ижро бюроси ходимлари пора билан қўлга олинганди.