ССВ коронавирусдан вафот этган ИИВ ходимлари ҳақида маълумот берди
Жамият
−
15 Июль 2020
18445Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда икки нафар Ички ишлар вазирлиги ходими коронавирусдан вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалган ва кейинроқ бу ИИВ томонидан тасдиқланган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусдан вафот этган Ички ишлар вазирлигининг икки ходими ҳақида кечикиб бўлса ҳам маълумот берди.
Унга кўра, Олмазор туманида яшовчи 36 ёшли Ш.А. тана ҳарорати кўтарилиши, умумий ҳолсизлик сабабли Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси тиббиёт бўлими поликлиникасига мурожаат қилган.
Шундан сўнг “COVID-19” инфекциясига намуна топширган ва 13 июль куни касаллик тасдиқланган.
Бемор Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси тиббиёт бўлими поликлиникаси томонидан тиббий кузатувда бўлган.
Сўнгги кунларда беморнинг тана ҳарорати тушмаган. У ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этган.
Яна бир ИИВ ходими, Тошкент туманилик 48 ёшли Ш.Н. жорий йил 24 июнда хизмат сафари билан Сурхондарё вилоятида бўлиб, тана ҳарорати кўтарилганлиги ва ҳолсизлик сабаб вилоят Ички ишлар бошқармаси тиббиёт бўлимига мурожаат қилган.
Унда “СОVID- 19” инфекцияси тасдиқлангач, вилоят шифохонасига ётқизилган. Беморда ўткир нафас етишмовчилиги кузатилган.
Унга “СОVID-19” инфекцияси ва икки томонлама пневмония оғир кечиши, ўткир нафас етишмовчилиги, юрак ишемик касаллиги, сурункали бронхит ташхиси қўйилган.
Шифохонада беморнинг даволаниши давомида шифокорлар томонидан консультациялар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.
Бироқ шу йилнинг 14 июль куни унинг аҳволи кескин оғирлашган. Реанимация бўлими шифокорларининг муолажаларига қарамасдан бемор ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этган.
Шу тариқа Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 71 нафарга етди.
LiveБарчаси