Тошкентда қора “маска”лилар жами 10 та қарағайни арралаб кетди
3-саҳифа
−
11 Январь 2022
10735Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги Амир Темур ва Чинобод кўчалари чорраҳаси ёнида 18 дона элдор қарағайдан 10 тупи номаълум кимсалар томонидан тунда арралаб кетилди. Бу ҳақда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси Матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, мазкур ҳудудни аукцион орқали қўлга киритган фуқаро ушбу дарахтларни бошқа жойга кўчиришга рухсат беришни сўраб мурожаат қилган. Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бунга рад жавобини берган.
Шундан сўнг, номаълум кимсалар томонидан тунда 10 та дарахт ярмигача арралаб кетилган. Экологлар эса ушбу дарахтларни қуритмасдан сақлаб қолиш мақсадида Ботаника институти мутахассисларини жалб қилган ҳолда агротехник тадбирларни олиб бориб, уларни асраб қолиш чораларини кўрган.
Бироқ орадан маълум вақт ўтиб, қора ниқобдаги кишилар яна 4 та дарахтни кесиб, воқеа жойидан қочиб қолган. Бу ернинг эгаси Ж.Г. дарахт кўчирилишига рухсат берилмагани туфайли унинг ҳуқуқлари бузилганини айтиб, экологлар устидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига шикоят йўллаган. Суд эса ушбу аризани қаноатлантиришни рад этган.
“Ҳозирги кунда мазкур ҳолат бўйича тузилган махсус ишчи гуруҳи қайд этилган манзилда батафсил ўрганиш ишларини ўтказиб, содир бўлган ҳолатга қонуний баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар Юнусобод туман прокуратурасига топширилди. Тунда дарахтларга атайин шикаст етказаётганларни топиш мақсадида ички ишлар органлари билан ҳамкорликда режали тадбирлар амалга оширилмоқда”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси