Тошкентда қабристон машмашаси: тупроқ орасидан топилган суяк кимники?
Жамият
−
30 Январь 2020
21767Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “Бўз” (Лафарга) қабристонидаги қабрлар ўрнида қурилиш бўлаётгани ва мазкур ҳудуддан одам суяклари топилгани ҳақида хабарлар тарқалди ва бу маълумотлар катта шов-шувларга сабаб бўлди. QALAMPIR.UZ зудлик билан қурилиш олиб борилаётган ҳудудга етиб борди.
Маълум бўлишича, ушбу қабристон Собиқ Совет даврида – 1974 йилда ёпилган. 1991 йилда қайта очилган. 2008 йили яна номаълум сабабларга кўра ёпилган. Қабристон 2019 йилда қайта очилди. Қабристонга ёндош ҳудудда “Мулла Қосим” жомеъ масжиди жойлашган. Жорий йил бошида анча эскирган намозгоҳни янгидан барпо этиш, намозхонларга шароит яратиш мақсадида қурилиш ишлари бошланган.
Воқеа жойига етиб борганимизда фуқаролардан бири қўлида ўзи топиб олган суякни тутиб турарди. У суяк мустақил экспертлар томонидан текширилиши кераклигини талаб қилди. Шу аснода суякдан бир бўлагини ўзида олиб қолди ва қолган асосий қисмини экспертизага топширди. Экпертлар унинг натижаси белгиланган муддатда эълон қилинишини билдирди.
Мирзо Улуғбек туман бош имом-хатиби Акбарали Маматовга кўра, масжид жуда эски бўлгани сабаб тегишли қарор ва тасдиқланган лойиҳа асосида бузиб, қайтадан қуриш ишлари бошланган.
“Икки-учта ғаламислар қабристон бузилмоқда, деб хабар тарқатди. Яқин қариндошининг қабри шу ерда бўлган инсонлар келиб, қабрлар бузилмаганини ўз кўзлари билан кўриб, хотиржам қайтиб кетишмоқда. Интернетда ёлғон хабарлар тарқатилиши ортидан улар ўз “подписчик”ларини кўпайтирди, динга, инсонларга, масжид қурилишига туҳмат бўлди. Интернетда тарқалган суяк инсоннинг суяги эмаслигини билдик. Охирги йилларда қўйилган қабрларга зиён етмаган. Суякни ким нима мақсадда ташлаган, биз бунинг сабабини тушунмадик. Лекин бу мутлақо ёлғон хабар”, дейди туман бош имом-хатиби.
Масала жиддий, эътирозлар ҳам ўз ўрнида. Шу боис яқин қариндошлари шу қабристонга қўйилган кўплаб фуқаролар воқеа жойига етиб келди. Улар миш-мишларга алданганини, қабрлар ўз ўрнида турганини айтади. Воқеадан хабар топган, ўша ерда яқин қариндошининг қабри бўлган Жамила Мансурова отасининг қабрига зарар етмагани ва бошқалар ҳам бундан хавотирга тушмаслиги кераклигини таъкидлади.
“Бу ерда кимнинг яқин қариндошининг қабри бўлса, ўзи узоқда бўлса, тинчлансин. Ҳеч ким қабрларни бузаётгани йўқ. Кираверишдаги дарвоза ўрнига масжид қуришаётган экан. Савоб учун масжид қураётганларга ҳам катта раҳмат. Яқинда ушбу қабристон очилганида хурсанд бўлдик. Ўтган яқинларимизни яна зиёрат қилишимиз мумкин бўлди. Бузишяпти дейишганига мен ҳам хавотир олиб келгандим”, дейди Жамила Мансурова.
Шундан сўнг, воқеа жойида вазиятни ўрганаётган Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаров билан суҳбатлашдик. Унга кўра, масжид ростан ҳам хароба ҳолатга келиб қолган. Ҳудуддаги ёши улуғлар илтимосига кўра, эски масжид ўрнида барча шароитга эга, замонавий кўринишда янги масжид қурилиши режалаштирилган.
“Қабрни ҳурмат қилиш, ўтганларга эҳтиром қилиш динимизнинг талаби ҳисобланади. Динга хизмат қилаётганларнинг ўзи бу талабни бузиши ақлга сиғмайдиган иш”, дейди Нуриддин домла Холиқназаров. У сўзида давом этаркан, қурилишда барча жиҳатлар инобатга олингани, қабрларга зиён етмаганини қўшимча қилади.
Ҳақиқатан ҳам ҳудудда қурилиш ишлари авжида. Аҳоли зич жойлашган ушбу ҳудудда масжид учун катта иҳтиёж мавжуд. Шу ерда кўп йиллардан буён истиқомат қилиб келаётганларнинг фикрича, ҳозир шифохона ва кўп қаватли уйлар жойлашган ерлар ҳам авваллари қабристон бўлган. Шунинг учун бу ерларда исталган жойдан суяк чиқиши эҳтимоли мавжуд.
Мазкур қабристонда рўйхатдан ўтган 1020 та қабр мавжуд. Қабристонда 15 йилдан буён фаолият олиб бораётган гўрков билан ҳам суҳбатлашдик. У 1020 та қабрнинг ҳеч бирига зарар етмаганини айтади.
Қурилишга масъул бўлганлар – Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Алимардон Қаршиев ва Мирзо Улуғбек туманидан масъуллар қурилишлар қабрларга зиён келтирмаган ҳолда давом эттирилишини маълум қилмоқда.
“Қурилиш бошланишидан аввал маҳалла фаоллари йиғилган, диний идора сайти, ижтимоий саҳифаларда бу ҳақда хабар берилган. Кейин лойиҳа асосида қурилиш ишлари бошланган. Барча тегишли ташкилотлар билан келишилган. Масжид яхшилик ва инсонларни ўйлаб қурилмоқда. Бу ерда яшовчи ёши улуғлар ҳам хурсанд”, дейди Тошкент шаҳар ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Алимардон Қаршиев.
Халқимизда бамаслаҳат тўй тарқамас деган гап бор. Масжид қурилишига бош-қош бўлганлар, масъуллар қурилиш ишларини бошлашдан аввал бу ерда қариндошлари ётган кишилардан, кексалар, маҳалла-кўйдан маслаҳат олганда, жамоатчиликни бир ерга тўплаб, уларга кенг тушунтириш бериб иш бошлаганда эди, бугунгидек дод-войга ҳожат қолмасди. Бундан бошқалар ҳам ўз манфаати йўлида фойдаланмаган бўларди.
Мазкур қабристонда рўйхатдан ўтган 1020 та қабр мавжуд. Қабристонда 15 йилдан буён фаолият олиб бораётган гўрков билан ҳам суҳбатлашдик.
QALAMPIR.UZ воқеалар ривожини кузатишда давом этади. Ўйлаймизки, тез орада экспертиза натижалар эълон қилинади.
LiveБарчаси