Тошкентда ит ва мушукларни пневматик қурол билан отган эркак қамалди
3-саҳифа
−
15 Февраль 2022
8852Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида номаълум эркак ит ва мушукларни пневматик қурол ёрдамида отганлиги акс этган видеолавҳа тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси муносабат билдирди.
Қайд этилишича, “Меҳр ва Оқибат” ҳайвонларни ҳимоя қиилиш жамиятига М.Н. исмли аёл мурожаат қилган. Унга кўра, жорий йилнинг 4 февраль куни унинг мушуги танасида жароҳат билан уйга қайтган.
Аёл эртаси куни мушугини ветеринария клиникасига олиб борган. Ўтказилган рентген тадқиқотларида жонивор танасига пневматик қурол ёрдамида жароҳат етказилганини тахмин қилувчи элементлар аниқланган. Шундан сўнг жониворни зудлик билан операция қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Орадан вақт ўтиб, аёл ўз қўшниси А.И.ни қўлида пневматик қурол билан кўрганлиги, А.И. у билан кўчадаги мушук ва итларни нишонга олаётганлигининг гувоҳи бўлганини айтмоқда. А.И. аёл билан телефон мулоқоти пайтида ҳақиқатан ҳам ит ва мушукларни пневматик қуролдан отганини тан олган.
Жамият томонидан А.И. 4 февраль куни соат 11:28да пневматик қурол билан уйидан чиқиб, номаълум томонга ҳаракатланаётгани акс этган видео ҳам эълон қилинган. М.Н. исмли аёлнинг яна уч нафар қўшниси ҳам ушбу ҳолатнинг гувоҳи бўлганини тасдиқлаган.
Шу сабабли, “Меҳр ва Оқибат” жамияти А.И.ни жиноий жавобгарликка тортишни сўраб Ўзбекистон ИИВ, Тошкент шаҳар ИИББ ҳамда Миробод тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилган.
Тошкент шаҳар ИИББга кўра, А.И.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 111-моддаси 1-қисми (“Ҳайвонларга нисбатан шафқациз муносабатда бўлиш”) бўйича баённома расмийлаштирилди. Ҳужжатлар судга йўналтирилган.
Миробод тумани маъмурий ишлар бўйича суди А.И.ни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг юқорида қайд этилган моддалари бўйича айбдор деб топган ва унга нисбатан 15 суткалик маъмурий қамоқ белгилаган.
LiveБарчаси