Тошкентда фуқароларни Умрага ноқонуний юбораётган МЧЖ аниқланди
Жамият
−
26 Апрель 2022
6226Тошкент шаҳрида фуқароларни Умра сафарига ноқонуний юбориш билан шуғулланган масъулияти чекланган жамият фош этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамият томонидан тегишли рухсатномага эга бўлмасдан, фуқароларни “Тошкент-Дубай-Жидда” йўналиши орқали Умра зиёратига юбориш ҳолати аниқланган.
Хусусан, МЧЖ ходими Х.А. Наманган вилоятида яшовчи икки фуқаронинг ишончига кирган ҳолда уларни 6200 АҚШ доллари эвазига Умра сафарига жўнатишни ваъда қилиб, олдиндан 3100 доллар олган вақтида ушланган.
“Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, МЧЖ офиси ва ходимларининг автомашиналари текширилганда, жами 116 нафар фуқаронинг хорижга чиқиш паспортлари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Шунингдек, 66 нафар фуқарони Умра сафарига юбориш мақсадида улардан жами 162 минг доллар олингани ҳам маълум бўлди”, дейилади хабарда.
Аниқланишича, мазкур МЧЖ ўз мижозларини Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистони Қироллиги ўртасидаги давлат чегарасидан ўтказишда Марказий Осиё республикаларининг сохта фуқаролик паспортларидан фойдаланиш механизмини йўлга қўйган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан МЧЖ масъулларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси