Тошкентда фуқаролар ва ЙПХ ходимлари ўртасида юз берган жанжал сабаби маълум бўлди

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқлар орқали Тошкентда йўл-патруль хизмати ходимлари ва фуқаролар ўртасида жанжал юз бергани акс этган видеолавҳа тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг ахборот беришича, қидирувда бўлган ҳамда ЙПХ ходимларининг қонуний талабига бўйсунмаган ҳайдовчи ушланганда унга ҳамроҳлик қилган йўловчи-аёллар вазиятга аралашган ва шу сабабли икки ўртада жанжал келиб чиққан.

Қайд этилишича, воқеа кеча, 30 сентябрь куни пойтахтнинг Чилонзор туманида содир бўлган. Соат 23:00 да ЙПХ ходимлари хизмат давомида (кўплаб тўланмаган жарималари туфайли) қидирувда бўлган Nexia-2 автомобилини кўриб қолиб, унга жезл ва ҳуштак ёрдамида тўхташ ҳақида ишора берган. Аммо, 1997 йилда туғилган қашқадарёлик ҳайдовчи ходимнинг қонуний талабига бўйсунмасдан, ҳаракатни давом эттирган.

Ҳолат ҳақида маълумот рация орқали бошқа ходимларга етказилган. Шу билан бирга, ЙПХ ходимлари Lacetti русумли хизмат автомобилида қоидабузар ортидан йўлга чиққан. Ҳайдовчи ЙПХ инспекторининг тўхташ ҳақидаги ишорасига бўйсунмасдан ҳаракатни давом эттиргани сабабли уни мажбуран тўхтатишга қарор қилинган.

Бунёдкор ва Қатортол кўчалари кесишмасида ходимларнинг саъй-ҳаракатлари билан Nexia-2 автомобили мажбуран тўхтатилган. Бироқ, ИИО ходими автомобилидан чиқишини кутган ҳайдовчи яна ҳаракатни бошлаб, майор Р.И.ни уриб юборган. Шунингдек, у йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, пиёда ва бошқа транспортлар учун хавф туғдирган. Якунда қоидабузар тўхтатилган.

Шундан сўнг, тўхтатилган автомобилнинг йўловчилари бўлган бир неча аёллар чиқиб, ЙПХ инспекторлари билан жанжал кўтарган.

Хабарга кўра, 24 ёшли ҳайдовчи ва унинг йўловчилари – қашқадарёлик 21 ёшли Ш.Ч., 39 ёшли Р.М., 44 ёшли Б.М. ва 45 ёшли Б.М. Чилонзор тумани ИИО ФМБга етказилган. Мазкур ҳолат бўйича терговга қадар текширув ўтказилмоқда, натижалари бўйича қонуний чора кўрилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

412

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг