Тошкентда эпидемиологик вазиятни ўнглаш учун қўшимча чоралар белгиланди

Жамият

image

Хабарингиз бор, бугун, 15 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида пандемия билан боғлиқ вазият муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Йиғилишда Республика махсус комиссиясига Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида коронавирус тарқалишига қарши кураш ва аҳолини даволаш ишларига алоқадор барча вазирлик ва идоралар, йирик тиббиёт муассасалари раҳбарларидан иборат 24 соат ишлайдиган штаблар ташкил қилиш топширилди.

Ушбу штаблар вазиятни реал вақт режимида назорат қилиб, юзага келаётган муаммоларни тезкор ҳал этиш чораларини кўради.

Шунингдек, Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятидаги поликлиникалар ҳузуридаги мобил гуруҳлар сонини уч баробар кўпайтириш вазифаси юклатилди.

Зангиота туманида яқинда иш бошлаган шифохонадаги жой сонини яна 1000 ўринга кўпайтириш топшириғи берилди.

Пойтахтда дори-дармон етказилиши ва нархи барқарорлигини таъминлаш, шошилинч тиббий ёрдам хизмати ва колл-центрлар ишини самарали ташкил этиш, COVID-19 билан ишлаётган тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш, касаллар учун қўшимча ўринлар ташкил этиш, шунингдек, карантин ҳудудларидаги шахсларни уй карантинига босқичма-босқич ўтказиш масалалари кўриб чиқилди, зарур чоралар белгиланди.

Аҳолидан мурожаатлар сони кескин ортиб бораётганини ҳисобга олиб, колл-центрлар алоқа воситалари ва операторлари сонини камида икки баробарга ошириш лозимлиги таъкидланди.

Тошкент шаҳар ҳокимлигига камида 3 ойлик дори-дармон ва ҳимоя воситалари захирасини шакллантириш вазифаси қўйилди.

Ҳозирги синовли вазиятда кундалик эҳтиёж моллари ва зарурий озиқ-овқат маҳсулотларининг етарли бўлиши, нархлари асоссиз ошиб кетмаслиги жуда муҳим. Шундан келиб чиқиб, мутасаддиларга бу масалани қатъий назорат қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

550

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг