Тошкентда энергетикадаги ўғирликлар Президент бошчилигида муҳокама қилинди
Жамият
−
06 Февраль 2023
10878Ҳанузгача Ўзбекистон энерегетика тизимида ўғирлик жуда катта. Ресурслар хўжасизларча талон-торож қилиняпти. Биргина декабрь ойида электр ва газдан ноқонуний фойдаланиш бўйича 12 мингдан зиёд ҳолатда 600 миллиард сўмлик зарар аниқланган. Бу ҳақда бугун, 6 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ҳузурида энергия таъминоти соҳасида назорат тизимини тартибга солиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган йиғилишда сўз борган.
Унда энергия етказиб бериш ва ҳисоб-китоб тизимидаги муаммолар танқидий таҳлил қилинган.
“Январь ойидаги совуқ бу борада бошқарув ва назорат сусайиб кетганини яққол кўрсатди. Мутасадди ташкилотлар автоматик ҳисоблаш тизими электр энергиясида 92 фоиз, табиий газ бўйича 98 фоиз ўрнатилган, деб ҳисобот берган. Лекин ҳалигача дебитор қарздорлик юқорилигича қолмоқда.
Туманлардаги тармоқ идоралари электр ва газга уланишга ҳисоб-китоб ва таҳлилларсиз рухсат бераяпти. Масалан, Тошкент шаҳрининг 120 та маҳалласида трансформаторлар юкламани кўтармагани учун бир ойнинг ўзида 5-6 марталаб таъмирланган”, деб ёзмоқда Президент Матбуот хизмати.
Қайд этилишича, автомобилларга газ қуйиш шохобчалари устидан назорат бутунлай издан чиққан.
Шулардан келиб чиқиб, йиғилишда энергетика соҳасида назоратни кучайтириш ва қонун устуворлигини таъминлаш бўйича янги тизим белгиланган. Бу тизимга энергетика назорати бўйича икки йил “фавқулодда тартибда” ишлаш вазифаси қўйилган. Энергоинспекция ва Мажбурий ижро бюросининг ишини такомиллаштириш, электр ва табиий газга уланишда янгича ёндашувларни жорий қилиш юзасидан топшириқлар берилган.
Йиғилишда энергетика инфратузилмасини ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилган. Хусусан, Тошкент шаҳрининг рақамли харитасини ишга тушириш вазифаси қўйилган. Бунда аукционга чиқарилаётган ерларнинг жойлашуви, энергетика, коммунал ва ижтимоий инфратузилма қуввати аниқ кўриниб туради.
Йиғилишда мутасаддилар янги тизимни амалга ошириш масалалари юзасидан ахборот берган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 сентябрь куни Президент ҳузурида энергия ресурслари таъминоти юзасидан йиғилиш ўтказилиб, унда Тошкент шаҳар ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Жаҳонгир Ортиқхўжаев шаҳардаги қатор муаммолар, хусусан газ ва электр энергиясидаги узилишлар сабаб ишдан олинган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь