Тошкентда BYD’ни туртиб олган курьер калтак еди (видео)
3-саҳифа
−
21 июл 6936 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида BYD автомобили ҳайдовчиси курьерига қўл кўтаргани акс этган видео тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан қонуний чора кўрилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, ҳодиса жорий йил 19 июлдан 20 июлга ўтар кечаси “Ватан” чорраҳасида содир бўлган. Скутер бошқарган курьер ва автомобиль ҳайдовчиси ўртасида тортишув келиб чиққан. Ҳайдовчининг айтишича, курьер йўл ҳаракати вақтида эътиборсизлик қилган. Шу сабабли улар ўртасида тўқнашув хавфи юзага келган, аммо йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлмаган.
Шундан сўнг, икки томон ўртасида жанжал келиб чиққан. Ҳайдовчи суҳбат давомида асабий ҳолатда курьерни бир марта урганини тан олган ҳамда кейинчалик ундан узр сўраган.
“Мен ўртоғимнинг машинасини олгандим. Яшил чироқ ёниб турган пайтда чорраҳадан қайрилаётган эдим. Шу вақтда скутер қизил чироқда ҳаракатланиб келди. Мен ўнг томонга бурилиш чироғини ёққан эдим. У эса буни кўрмаган ҳолда келиб, автомобиль орқа қисмига урилиб кетди. Барибир машина ўзимники эмасди, шунинг учун бу ҳолат учун ўзимни масъул деб ҳис қилдим. Шу сабабли асабийлашиб, унга кўзингга қарамайсанми? деб айтиб қўйдим. Қизил чироққа чиқиб келгани учун йўлга эътиборли бўлиб ҳаракатланишини, ўзини эҳтиёт қилишини айтмоқчи бўлган эдим. Лекин жаҳл устида нотўғри иш қилиб қўйдим ва уни уриб юбордим. Бу ишим учун скутердаги йигитдан ҳам, атрофдаги аҳолидан ҳам узр сўрайман”, дейди ҳайдовчи.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг бир нечта моддалари билан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний қарор қабул қилиш учун туман судига юборилган. Ҳайдовчи ўз тушунтиришида воқеа қандай содир бўлганини айтган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 июль куни Тошкент шаҳрида номаълум шахс автомобили билан бошқа ҳайдовчининг йўлини тўсиб, унга қўлидаги тўппонча билан таҳдид қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси