Тошкентда Бўзсув канали бўйлаб экотематик парк барпо этиш бошланди
Жамият
−
04 Июнь 1748 2 дақиқа
Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида Бўзсув канали бўйлаб йирик экотематик парк ташкил этиш лойиҳасига старт берилди. Бу ҳақда шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов аҳоли билан учрашув чоғида маълум қилди.
Маълумотларга кўра, лойиҳа канал қирғоғининг 3 километрдан ортиқ ҳудудини қамраб олади. Унинг асосий мақсади мавжуд табиий муҳитни сақлаб қолган ҳолда аҳоли учун замонавий дам олиш ва спорт масканларини яратишдан иборат.
Лойиҳа доирасида пиёдалар ва велосипед йўлаклари, болалар майдончалари, спорт зоналари, ҳордиқ чиқариш масканлари ҳамда жамоат ҳудудлари барпо этилади. Шунингдек, канал бўйлаб хавфсизлик панжаралари ва ёритиш тизимлари ўрнатилиб, пиёдалар кўприги қурилади. Ушбу кўприк атрофдаги бир нечта маҳаллаларни ўзаро боғлаши режалаштирилган.
Лойиҳанинг ўзига хос жиҳатларидан бири ёввойи қушлар ва бошқа жониворлар учун махсус экологик оролчалар ташкил этилишидир. Бундан ташқари, сув спортини ривожлантириш мақсадида байдарка ва каноэ машғулотлари учун алоҳида ҳудудлар ажратилади. Балиқ овлаш учун махсус жойлар ҳам яратилади.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, ҳудуддаги дарахт ва буталар сақлаб қолинади, қўшимча кўчатлар экилади. Табиий рельеф ва ёввойи табиатга зарар етказмаслик лойиҳанинг асосий тамойилларидан бири ҳисобланади.
Тошкент шаҳар ҳокими дарахтларни кесишга йўл қўйилмаслиги ва бу масала ҳокимлик ҳамда экология органлари назоратида бўлишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, лойиҳани амалга ошириш ишлари бошлаб юборилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг экологик самарадорлигини баҳолаш бўйича янги рейтинг тизими жорий этилиши режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси