Тошкентда аёл тўхташ тепкисининг ўрнига газни босиб уч болани уриб кетди. Уларнинг бир нафари вафот этган
Жамият
−
06 Июнь 2019
7844Жорий йилнинг 4 июнь куни Юнусобод туманининг 11-мавзесида соат 18:30да 42 ёшли аёл Т.Л. ўзи бошқариб келаётган Nexia автомобилида мавзе ичидаги йўл четида турган 12 ёшли А.Г., С.И. ва С.Я.ларни уриб юборган.
Пойтахт ИИББ хабарига кўра, ЙТҲ натижасида болалардан бири А.Г. воқеа жойининг ўзида ҳалок бўлган. Иккинчи бола С.И. олган тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилди. Шифокорлар унинг ҳолатини барқарор деб баҳолашаётгани айтилади. Учинчи бола - С.Я., амбулатор шароитида кўрикдан ўтказилиб, сўнг уйга жавоб берилди.
Ҳайдовчи воқеа жойидан кетиб қолмагани, ўша ерда бўлгани ва тергов ҳаракатларини ўтказишда фаол ёрдам кўрсатгани айтилади. Ҳайдовчининг сўзларига кўра, у газ ва тўхташ тепкиларини адаштириб юборган.
Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ бошлиғи, подполковник Р.Жалилов, ИИББ бошлиғи ўринбосари - тергов бошқармаси бошлиғи, полковник З.Алимов, Юнусобод тумани ИИБ ходимлари воқеа жойига чиқишган.
Ушбу ҳолат бўйича Юнусобод тумани ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноий иш қўзғатилди.
Билдирилишича, ушбу иш назоратга олинган. Терговнинг қонунийлиги таъминланади. Дастлабки тергов натижаларига кўра, қонуний қарор қабул қилинади.