Тошкентда асфальт етиб бормаган жойларда цемент-бетон йўллар қурилади
Жамият
−
07 Апрель 2022
5955Тошкентда 250 километр цемент-бетон қопламали йўллар қурилади. Бу ишлар учун шаҳар маҳаллаларини обод қилишга ажратилган 1 триллион сўмга яна 200 миллиард сўм йўналтиради. Бу ҳақда бугун, 7 апрель куни бўлиб ўтаётган йиғилишда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
Таъкидланишича, 2022 йилда туман марказлари ва шаҳарларда 670 километр пиёда ҳамда велосипед йўлаклари барпо этиш режа қилинган. Улар ҳам цемент-бетондан бўлади.
Президентга кўра, март ойида 25 кун давом этган ёғингарчилик дренаж тизимидаги камчиликларни кўрсатган, шу боис ушбу йўлакларни лойиҳалашда лотоклар қуришга ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Маълум қилинишича, йўл кластерлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун 1 майдан бошлаб йил якунига қадар импорт қилинаётган цемент-бетон қопламали йўл қуриш техникалари божхона божи ва утилизация йиғимидан озод қилиниши белгиланган.
Мазкур ишларга қўшимча 500 миллиард сўм маблағ ажратилади. Жорий йилда халқаро молия ташкилотларидан 80 миллион, келгуси йилда бу ишларни кенгайтириш учун 200 миллион доллар маблағ жалб қилиш чоралари кўрилади.
LiveБарчаси