Тошкентда андижонлик таксичининг жасади топилди. У қотиллик қурбони бўлган
3-саҳифа
−
11 Январь 2022
16798Ижтимоий тармоқларда Андижонлик таксичи Тошкент вилоятида ўлдириб кетилгани ҳақида хабар тарқалди. Ҳолат юзасидан Бош прокуратура Матбуот котиби изоҳ берди.
Аниқланишича, жорий йилнинг 8 январь куни Андижон вилояти, Шаҳрихон туманида яшовчи фуқаро О.Латипова туман Ички ишлар бошқармасига мурожаат қилган. У мурожаатида жорий йилнинг 7 январь куни уйдан чиқиб кетиб, бедарак йўқолган 1991 йилда туғилган фарзанди М.Отахоновни топишда амалий ёрдам сўраган.
Хабарга кўра, М.Отахонов Cobalt русумли машинасида “Андижон-Тошкент” йўналишида қатнаб, аҳолига пуллик транспорт хизмати кўрсатиб келган.
Қайд этилишича, М.Отахонов 7 январь куни соат 17:55 лар атрофида Шаҳрихон туманидаги автотураргоҳдан бир фуқародан 11 650 АҚШ долларини Тошкент шаҳридаги танишига олиб бориб бериш учун олган ҳамда нотаниш бўлган 3 нафар йўловчилар бирга ўз автомашинасида Тошкент шаҳри йўналишида кетиб, бедарак йўқолган.
Бош прокуратура берган маълумотга кўра, М.Отахоновни қотиллик қурбони бўлиши мумкинлигини инобатга олиб, Шаҳрихон туман прокуратураси томонидан жорий йилнинг 9 январь куни Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган ва малакали тергов-тезкор ходимлардан иборат таркибда тузилган тергов гуруҳи томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Тезкор қидирув тадбирлари натижасида М.Отахоновнинг мурдаси 9 январь куни Тошкент шаҳар, Яшнобод туманидаги автотураргоҳда Сobalt русумли автотранспорт воситасининг юкхонасидан қотиллик аломатлари билан топилган.
Жиноятни фош этишга қаратилган тезкор тадбирлар натижасида 3 нафар гумонланувчи Қўқон шаҳар ҳудудидан ушланган ва терговга жалб қилинган.
“Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари Андижон вилояти прокуратураси томонидан олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси