Тошкентда 50 минг доллар пора билан ушланган прокуратура терговчиси 13 йилга қамалди

3-саҳифа

image

Аввалроқ, Тошкент шаҳар Учтепа тумани прокуратураси терговчиси 50 минг АҚШ доллари пора олаётганда қўлга тушгани ҳақида хабар берган эдик. Тошкент шаҳар суди Матбуот хизматининг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, у 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида 1983 йилда туғилган илгари Учтепа туман прокуратурасида терговчи лавозимида ишлаган шахсга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилган. 

Учтепа туман прокуратураси терговчиси лавозимида ишлаб келган судланувчи иш юритувидаги Тошкент шаҳар прокурорининг жорий йилнинг 8 апрель кунидаги розилиги билан департаментнинг Учтепа тумани бўлими томонидан МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисми ва 189-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган жиноят иши бўйича 9 апрель кунидан дастлабки тергов ҳаракатларини олиб борган. 

Ноқонуний бойлик орттириш мақсадида, МЧЖнинг ягона таъсисчиси ва раҳбари ҳамда жамиятнинг ҳуқуқшуносини бир неча маротаба Учтепа тумани прокуратурасига чақиртирган. Уларга жиноят иши бўйича жамиятнинг молиявий-хўжалик фаолияти бўйича аниқланган 1 млрд 186 млн 612 минг 773 сўмлик қўшимча қиймати солиғи ва 859 млн 868 минг 334 сўмлик фойда солиғини жами 2 млрд 046 млн 481 минг 107 сўм миқдордаги зарарларни тўланмаган тақдирда, иш бўйича жамиятнинг раҳбарини айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилишни ва унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашни, содир этилган жинояти унча оғир бўлмаган жиноятлар туркумига кирса-да, унда беш йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланганини билдирган.

Жамиятнинг раҳбарига нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлламаслик учун унга пора тариқасида 50 000 долларни беришини, акс ҳолда Жиноят-процессуал кодекснинг 221-моддаси тартибида ушлашини ва “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашлик учун туман судига илтимоснома тақдим қилишини айтиб, тамагирлик йўли билан жамиятнинг ҳуқуқшуноси орқали 50 000 доллар миқдоридаги пулларни беришни бир неча маротаба талаб қилган.

Хусусан, МЧЖнинг ягона таъсисчиси ва раҳбарининг аризасига асосан, 2022 йил 29 апрель куни соат 12:30 ларда ДХХ Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда терговчи Учтепа тумани Фарҳод кўчасидаги савдо мажмуаси олдига Matiz русумли автомобилда йўловчи сифатида келиб, у ерда уни кутиб турган жамиятнинг ҳуқуқшуносини ушбу автомобилнинг орқа ўриндиғига ўтирғизган. 

Сўнг автомобиль кинотеатр олдидаги чорраҳага етгач, машина салони ичида жамиятнинг ҳуқуқшуносидан полиэтилен пакетга солинган, олдиндан кимёвий ишлов берилган 50 000 долларни олгандан кейин жамиятнинг ҳуқуқшуносини тушириб, ушбу машинада ҳаракатланишни давом эттириб, 3-бекатга яқинлашганида тезкор ходимлар томонидан тадбир давомида ушланган.

Суд-дактилоскопик экспертизасининг хулосасига кўра, оқ-ҳаво рангли полиэтилен пакетда судланувчининг чап қўл катта бармоғининг изи борлиги аниқланган. Суд мажлисида судланувчи тариқасида сўроқ қилинган судланувчи унга эълон қилинган айбга қисман иқрорлик билдирган. 

Суднинг ҳукмига кўра, судланувчи Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 3-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган ва Жиноят кодексининг 45-моддасига асосан 3 йил муддатга мансабдорлик лавозимларида ва прокуратура идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

“Ҳукмдан норози томонлар 20 сутка ичида, судланувчи ҳукм нусхасини қўлига олган кундан бошлаб шу муддат ичида, шу суд орқали Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг апелляция инстанциясига апелляция тартибида шикоят бериши, прокурор эса протест келтиришга ҳақли”, дейилади хабарда.


Мақола муаллифи

Теглар

пора

Баҳолаганлар

242

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг