Тошкентда 4 автомобилни дарахт босиб қолди
Жамият
−
02 Август 2019
8166Пойтахт Тошкентда кўп йиллик чириган дарахтларнинг автомобиллар устига ағдарилиши билан боғлиқ ҳолатлар давом этмоқда. Ана шундай ҳодисалардан бири бугун, 2 август куни соат 14:30 да Тошкентнинг Миробод тумани, Афросиёб кўчасида қайд этилди.
Кўп йиллик дарахт автомобиллар тўхташ жойида турган тўрт машина – Captiva, иккита Cobalt ва Spark устига ағдарилди.
Ҳодисага гувоҳ бўлган QALAMPIR.UZ мухбирининг маълум қилишича, бу ҳудудда бугунгига ўхшаш ҳодиса тез-тез, айниқса, куз ойларида, шамол кўтариладиган мавсумда ойига бир неча маротаба учраб туради. Бу ерларга автомобилни қолдириш хавфли бўлса-да, шу кўчада жойлашган офислар, бизнес марказлар учун автотураргоҳ йўқлиги боис ҳайдовчилар мажбурликдан дарахтлар остига машиналарини қўядилар. Оқибатини эса кўриб турибсиз.
Бу ердаги дарахтларнинг синган шоҳлари остида ўнлаб автомобиллар эзилди. Бироқ, на Тошкент шаҳар ҳокимлиги, на Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси масалага эътибор қаратди.
Бугун қайд этилган ҳодисада Captiva`га у қадар катта зиён етмаган. Оқ рангдаги Cobalt эса яхшигина шикастланган, таниб бўлмас даражага келиб қолган. Кўк рангдаги Spark автомобилининг ҳам том қисми эзилган, ҳам ойналари чил-чил бўлган.