Тошкентда 300 миллион сўмлик ноқонуний тамаки маҳсулотлари йўқ қилинди

Бизнес

Ноқонуний тамаки маҳсулотлари ва уларнинг ички бозорга кириб келиши фуқаролар саломатлигига ниҳоятда жиддий хавф солади. Шу боисдан ҳам жамиятда ушбу ҳолатларнинг кенг қулоч ёйишига қарши кураш масаласи ниҳоятда долзарбдир.

23 ноябрь куни пойтахт Тошкентнинг Янгиҳаёт туманидаги металлургия заводида Давлат божхона қўмитаси ташаббуси билан ноқонуний муомаладан олиб қўйилган тамаки маҳсулотларини кенг жамоатчилик иштирокида йўқ қилиш бўйича навбатдаги тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Давлат божхона қўмитаси ва Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг масъул раҳбар ва ходимлари, Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси, Мажбурий ижро бўлими ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Йўқ қилиш тадбири давомида 4 та ҳолатда ноқонуний муомаладан олиб қўйилган ва суд ҳукмига кўра йўқ қилиниши белгиланган қиймати 297,4 миллион сўмлик 34,2 минг қути тамаки маҳсулотлари жамоатчилик гувоҳлигида ёқиб юборилди.

Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати берган маълумотларга кўра, 2022 йил 20 ва 27 апрель кунлари пойтахт Тошкентнинг Чилонзор туманида ўтказилган тезкор тадбирларда аввалдан кузатувга олинган шахслардан бири муқаддам ноқонуний йўллар билан олиб кирилган ва сифати кафолатланмаган, қиймати 82,1 млн сўмлик 8600 қути, бошқа бир шахс эса 61,3 млн сўмлик 5600 қути тамаки маҳсулотларини юк машиналарига ортаётган вақтида тўхтатиб қолинган. Мазкур ҳолатларда қонунбузар шахслардан олиб қўйилган тамаки маҳсулотларини асосан “Milano”, “Esse”, “Mond” ва “Marlboro” номли тамаки воситалари ташкил қилган. Ушбу тадбирларда олиб қўйилган тамаки маҳсулотлари йўқ қилишга қадар сақловга олинган эди.

Ноқонуний тамаки маҳсулотларини йўқ қилиш тадбирида иштирок этган Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати раҳбари Ҳусан Тангриев жорий йилда мазкур турдаги ноқоний маҳсулот контрабандаси билан боғлиқ вазият ҳақида айтиб ўтди ва ноқонуний тарзда тамаки маҳсулотлари республика ҳудудига кириб келиши 9 фоизга ошганини маълум қилди. Божхона қўмитаси вакили, шунингек, фуқаролардан тамаки маҳсулотлари туфайли саломатликка етиши мумкин бўлган зарарни инобатга олиш ва ундан сақланишни тавсия этди.

Жараёнда иштирок этган Давлат божхона қўмитасининг Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ва бошқа масъул ташкилоптлар вакилларининг маълум қилишича, 2022 йил 22 ноябрь ҳолатига кўра республика божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи турли идоралар билан ҳамкорликда аниқланган  314 та (2021 йилнинг шу даврида 128 та ҳолат) ҳуқуқбузарлик ҳолатларида қиймати салкам 19,2 млрд сўмлик  (2021 йилнинг шу даврида 17,5 млрд сўм) 1 578 346 қути (2021 йилнинг шу даврида 1 449 305 қути) тамаки маҳсулотлари ноқонуний муомаладан ушлаб қолинган.

Аниқланган контрабанда ҳолатларининг 71 таси бўйича жиноят ишлари қўзғатилган.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 25 июлдаги “Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида”ги 200-сон қарорига мувофиқ тамаки маҳсулотлари мажбурий тарзда йўқ қилиб ташланиши белгиланган.

Ошкора йўқ қилиш – бу контрабандага қарши курашишдаги шубҳасиз яхши чора, аммо Ўзбекистонда ноқонуний маҳсулот истеъмол қилиш улуши ҳануз юқорилигича қолаётганини қайд этиш ўринли. Сигаретларнинг ноқонуний бозорини бутунлай йўқотиш учун барча йўналишлардаги ишларни кучайтириш ва рейдлар ўтказиб, қонунбузар сотувчиларга нисбатан намойишкорона жарималар белгилаш лозим.

Шахзод Нусратуллоев


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

32

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг