Тошкентда 12 яшар қизга икки йилдан буён тегажоғлик қилиб келингани айтилмоқда
3-саҳифа
−
09 Август 2023
23721Тошкент шаҳрида мусиқа ўқитувчиси 12 яшар қизга икки йил давомида тегажоғлик қилиб келгани айтилмоқда. Бу ҳақда “Сукут сақлама” ("Nemolchi.uz") лойиҳаси хабар берди.
Қайд этилишича,1957 йилда туғилган мусиқа ўқитувчиси С.А. 12 яшар ўқувчига дарс бериш асносида икки йил давомида тегажоғлик қилиб келган, оқибатда эса номусига тегишига сал қолган. У қизнинг оиласи ишончига кириб, ҳатто, уларнинг уйига ҳам бориб турган. Аввалига қиз машғулотларга ота-онаси билан қатнаган. Лекин жорий йилнинг март ойидан бошлаб бир ўзи қатнай бошлаган. Қизнинг оиласи ўқитувчига тўлиқ ишонган, эркак эса бундан фойдаланган.
“Биринчи марта қизим бир ўзи келганида у қизимизга дарс беришдан бош тортди ва у ҳаётда ўрнини топа олмаслигини айтди", дейди қизнинг онаси.
Хабарда айтилишича, эркак мусиқа қизнинг орзуси эканини била туриб, уни қадрсизлантирган. Қизга турли ахлоқсиз ҳаракатлар қилган. Бу ҳақда ота-онасига айтадиган бўлса, дарсларни яхши ўзлаштирмаётганидан ота-онасига шикоят қилишини билдириб, уни қўрқитган.
Жабрланувчининг онаси айтган гапларга кўра, эркак давомий равишда қизга нисбатан уятсиз қилиқлар қилган. Қизнинг телефонидан порнографик характердаги сайт ва комиксларни очиб, жинсий яқинлик таклиф қилган. Қизча шокка тушган ва ундан бундай қилмасликни сўраган. Ҳатто, ўз жонига қасд қилишни ҳам ўйлаган.
Жорий йилнинг 19 май куни қизча навбатдаги машғулотга келган. Ўқитувчи маст ҳолатда бўлган ва киришиданоқ унга тегажоғлик қилиб, номусига тегмоқчи бўлган. Қиз қочишга улгурган. Уйга келгач, ота-онаси ундаги ўзгаришларни пайқаб, нима бўлганини сўраган ва бор ҳақиқатни билиб олган.
Берилган маслаҳатларга кўра, қизнинг онаси ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилиб, Тошкент шаҳар прокуратурасига ҳам ариза ёзади. Улар тегишли текширувлардан ўтган, психологлардан бир қанча хулосалар ва тавсиялар олишган, терговчи уларни сўроқ қилган. Суд-тиббий экспертиза қизнинг қўллари ва оёғида “кўп қонталашлар” борлигини тасдиқлаган.
Маълум қилинишича, айни вақтда айбланувчи гаров эвазига озодликда қолмоқда, иш эса Жиноят кодексининг 129-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) 2-қисми билан квалификация қилиниши режалаштирилмоқда.
Ҳолат бўйича ҳуқуқ-тартибот органларидан расмий баёнот берилгани йўқ.
LiveБарчаси
29 Октябрь