Тошкентда ҳаво сифати “жуда ноқулай”: аҳолига тавсиялар берилди
Wellness
−
20:15 669 2 minutes
Тошкентда кеча, 27 октябрдан бугун, 28 октябрга ўтар кечаси ҳаво сифати ёмонлашиб, айрим кузатув нуқталарида AQI индекси бўйича “жуда ноқулай” кўрсаткичлар қайд этилди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.
Миллий ҳаво сифати индекси бўйича шаҳарнинг ўртача кўрсаткичи PM2.5 заррачалари учун “сариқ”, PM10 заррачалари учун эса “зарғалдоқ“ даражада бўлди. 28 октябрь куни кундузи ҳаво сифати халқаро AQI индекси бўйича “қизил”, миллий индекс бўйича асосан “сариқ”, айрим вақтларда эса “зарғалдоқ” даражада бўлмоқда. Кечки соатларда ҳам вазият шундай сақланиши мумкин.
Ҳаво сифати ёмонлашишига ҳароратнинг пасайиши, шамолнинг жуда кучсизлиги ҳамда маҳаллий ва қўшни ҳудудларда шаклланган ҳаво массаларининг шаҳар атрофида тўпланиши сабаб бўлмоқда. Қўмита қайд этишича, бу шароитлар ифлослантирувчи моддалар тарқалишини чеклаб, уларнинг ер юзасига яқин ҳаво қатламида сақланиб қолишига олиб келган.
Ҳаводаги ифлосланишдан таъсирланиш хавфи юқори бўлган болалар, кексалар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар, шунингдек, юрак-қон томир ёки нафас олиш тизими касалликлари бор кишиларга кечқурун ва тунги пайт кўчага чиқишни чеклаш тавсия этилмоқда. Зарур ҳолларда ташқарида ҳимоя ниқобини тақиш, очиқ ҳавода бўлиш вақтини қисқартириш ҳамда уйда деразаларни ёпиб қўйиш лозим.
Ҳаво сифати ёмонлашишига ҳароратнинг пасайиши, шамолнинг жуда кучсизлиги ҳамда маҳаллий ва қўшни ҳудудларда шаклланган ҳаво массаларининг шаҳар атрофида тўпланиши сабаб бўлмоқда.
“Ушбу шароитлар ифлослантирувчи моддалар тарқалишини чеклаб, маҳаллий атмосфера ташламаларининг ер юзасига яқин қатламда сақланиб қолишига олиб келди”, дея қайд этган қўмита.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда, хусусан, Тошкент шаҳрида кузатилаётган ҳаво ифлосланишига ноқулай метеорологик шароитлар ва табиий омиллар ҳам сабаб бўлаётгани ҳақида хабар берилган эди. Бунда ёғингарчиликнинг камлиги, шамол ва атмосфера ҳавосининг табиий алмашинуви билан боғлиқ жараёнлар муҳим аҳамиятга эга.
Live
All27 October