Тошкентда ҳаво сифати “ноқулай” даражага етди
Бу қизиқ
−
12:51 603 2 дақиқа
Тошкентда кеча, 25 октябрдан бугун, 26 октябрга ўтар кечаси ҳаво сифати ёмонлашиб, PM2.5 заррачалари билан ифлосланиш даражаси халқаро ҳаво сифати индекси бўйича “носоғлом” ва “жуда носоғлом” тоифаларга етди. Бугун, 26 октябрь куни ҳам ҳаво сифати халқаро индекс бўйича “носоғлом” даражада сақланиши кутилмоқда. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, тунда ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши, шамолнинг кучсизлиги ва кучли ҳарорат инверсияси сабаб атмосферанинг қуйи қатламларида ҳаво алмашинуви чекланган. Оқибатда PM2.5 ва PM10 майда заррачалари ер юзасига яқин қатламда тўпланиб, ҳаво ифлосланиши тун давомида ва эрталаб юқори даражада сақланиб қолган.
Метеосат сунъий йўлдоши тасвирларида 26 октябрь куни соат 00:00 дан 08:00 гача Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларда ҳавода чанг кузатилган.
Шунингдек, махсус мобил лабораторияда атмосфера ҳавоси ҳолати ўлчанган. Кузатув пунктларининг аксариятида PM2.5 заррачалари билан ифлосланиш даражаси халқаро ҳаво сифати индекси бўйича “носоғлом” ва “жуда носоғлом” тоифаларга мос келгани қайд этилган.
Миллий ҳаво сифати индекси бўйича эса Тошкентда PM2.5 кўрсаткичи “сариқ”, PM10 кўрсаткичи “зарғалдоқ” даражада бўлган. Бугун ҳаво сифати миллий индекс бўйича “сариқ” даражада сақланиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 23 октябрдан 24 октябрга ўтар кечаси Тошкентда ҳаво сифати ёмонлашганди. Айрим ҳудудларда ҳавонинг ифлосланиш даражаси халқаро ҳаво сифати индекси бўйича “носоғлом” ва “жуда носоғлом” тоифаларига мос келганди.
Live
Барчаси