Тошкентда ҳарбий рўйхатдан ўтмаган йигитларга “ов” бошландими?
Жамият
−
20:12 2301 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида 17-18 ёшли, ҳарбий рўйхатдан ўтмаган йигитларни оммавий қидириш ишлари бошлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Уларда Олмазор, Чилонзор ва Янгиҳаёт туманлари ҳокимлари тегишли қарорларни имзолагани, октябрь-ноябрь ойларида ёшларни ҳарбий рўйхатга олиш ва тиббий кўрикдан ўтказиш режалаштирилгани айтилган. Шунингдек, рўйхатдан ўтмаган йигитларни аниқлаш ва чақирув пунктларига олиб боришда масъул ходимлар ёрдам бериши ҳақида маълумот берилган. Мазкур хабарлар юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасининг “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунининг 18-моддасига кўра, ушбу жараён фуқароларни ҳарбий рўйхатга олиш, уларнинг сонини аниқлаш, ҳарбий хизматга яроқлилик даражаси, умумтаълим ва жисмоний тайёргарлигини ўрганиш мақсадида амалга оширилади.
Қонунчиликка мувофиқ, қайд этиш ишлари умумий ўрта, ўрта махсус ва бошланғич профессионал таълим муассасаларининг охирги ўқув йилида, октябрь-ноябрь ойларида ўтказилади.
Ҳокимликнинг билдиришича, чақирув участкаларида қайд этиш ҳарбий хизматга дарҳол чақириш дегани эмас. Бу ҳарбий ҳисобга олиш ва тегишли маълумотларни аниқлаштириш жараёни ҳисобланади. Ҳарбий хизматга чақириш эса қонунчиликда белгиланган алоҳида тартиб асосида амалга оширилади.
Тошкент шаҳар ҳокимининг жорий йилнинг 5 октябрдаги 502-14-0-Q/26-сон қарори қайд этиш ишларини ўз вақтида ва тизимли ташкил этиш, масъул ташкилотлар ҳамкорлигини таъминлаш ҳамда тиббий кўрикларни белгиланган тартибда ўтказишга қаратилган.
Жараёнда туман мудофаа ишлари бўлимлари, таълим муассасалари, тиббиёт ташкилотлари ва маҳаллалар ҳамкорлиги назарда тутилган.
Ҳокимлик барча тадбирлар амалдаги қонунчиликда белгиланган ваколат ва тартиблар доирасида ўтказилиши, фуқароларга эса жараённинг мақсади ва тартиби тушунтирилиши лозимлигини билдирган.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь