Тошкент “замҳоким”и маҳалла раисини ҳақоратлаб, жисмоний куч ишлатгани айтилмоқда
Жамият
−
18 Май 2021
13733Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмоновнинг Тошкент вилояти Оққўрғон тумани “Уста Нормат” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Алишер Икромовни турли ножўя сўзлар билан ҳақоратлаб, унга нисбатан жисмоний куч ишлатгани акс этган хабарлар тарқалган. Бу ҳақда Ўзбекистон Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Ахборот хизмати масъул ходимлари ҳамда Тошкент вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси раҳбарияти воқеага аниқлик киритиш мақсадида Алишер Икромов билан боғланган ҳамда ҳолат бўйича дастлабки маълумотларни олган.
Икромов томонидан берилган маълумотга кўра, жорий йилнинг 9 май куни у “Уста Нормат” маҳалласи Деҳқонобод кўчасида жойлашган Бахтиёр Раҳмоновнинг ота уйига чақиртирилади. У бу ерда ўзининг хизмат вазифасига алоқадор бўлмаган, умуман бошқа бир масаланинг бажарилмагани бўйича Раҳмонов томонидан турли ножўя сўзлар билан ҳақоратланади, ҳатто унга нисбатан жисмоний куч ишлатилади.
Қайд этилишича, айни вақтда мазкур ҳолат Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири назоратига олинган ҳамда Вазирлик Ишчи гуруҳи томонидан воқеа тафсилотлари батафсил ўрганилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Бахтиёр Раҳмонов билан боғлиқ бундай турдаги хабарлар биринчи марта тарқалмаяпти. Раҳмонов 2019 йил Тошкентнинг Олмазор тумани ҳокими бўлиб ишлаган пайтларда QALAMPIR.UZ’га Бахтиёр Раҳмонов ўтказган йиғилишдан аудиоёзув келиб тушганди.
Ўша пайтдаги аудиоёзувда ҳоким Бахтиёр Раҳмонов йиғилиш иштирокчиларига қайта-қайта сўкиб мурожаат қилаётгани, уларни ҳақоратлагани, қаматиш, ишдан бўшатиш билан таҳдид қилганини тинглаш мумкин.
LiveБарчаси