“Тошкент йўли” концепцияси тақдимоти ўтказилди

Жамият

6258993-6a21de7af4

Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида шаҳарнинг марказий “Тошкент йўли” кўчаси концепциясининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар тарқатди.

Хабарда қайд этилишича, тақдимотда 100 га яқин маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар иштирок этди.

Нурафшон шаҳрида, хусусан, шаҳарнинг марказий “Тошкент йўли” кўчаси бўйлаб кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур кўчанинг шаҳардан ўтувчи қарийб 7 километрлик қисмида 8 та банк муассасасининг маъмурий биноси қурилмоқда.

Тақдимотда кўча бўйлаб қурилиши режалаштирилган меҳмонхона, автосалон, маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари, мини стадион, бизнес маркази, оилавий поликлиника бинолари лойиҳалари намойиш этилди.

“Тақдимотга Мозори Шарифдан келдик. Нурафшон шаҳрида замонавий типдаги меҳмонхона қуриш ниятидамиз. Меҳмонхонамизнинг ертўласида тақинчоқ ишлаб чиқариш цехи ҳам фаолият юритади. Бу борада шаҳар савдо-саноат палатаси раиси билан суҳбатлашдик. Келгусида, албатта, “ақлли шаҳар”да фаолиятимизни йўлга қўямиз”, дейди афғонистонлик ишбилармон Усмонхон Меҳте.

Шаҳарнинг вилоят бўйсинувидаги маъмурий марказ эканлиги инобатга олинса, “Тошкент йўли” кўчасида 5-7 ва 12-16 қаватли уйлар қурилиши мақсадга мувофиқ. Бундан ташқари, кўча бўйлаб қурилиши режалаштирилаётган савдо ва маиший шахобчаларда аҳолига сифатли хизмат кўрсатилиши ҳам зарур. Тадбирда ишбилармон ва тадбиркорларга шулар ҳақида батафсил тушунтириш берилиб, уларнинг фаолияти давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши қайд этилди.

“Тошкент йўли” кўчасида замонавий мактабгача таълим муассасаси ва мактаб очишни режалаштирганмиз. Бизни мазкур шаҳарда тадбиркорлик қилишга 2 та асосий сабаб ундаяпти. Биринчиси, ер майдони пойтахтдагига нисбатан арзон. Иккинчидан, бу ерда мамлакатимиздаги биринчи “ақлли шаҳар” қурилади. Фаолиятимизни йўлга қўйиш учун 50 сотих ер етарли. Шаҳар архитектори билан гаплашиб, зарур тавсияни олдик. дейди қибрайлик тадбиркор Нажиб Алтинбеков.


Мақола муаллифи

Теглар

Нурафшон шаҳри Тошкент йўли

Баҳолаганлар

52

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг