Тошкентнинг янги чегараси қандай бўлади? Вазир ҳудудий ўзгаришлар ҳақида маълумот берди
Жамият
−
06 Август 2020
19951Зангиота, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ, Янги йўл туманларининг Тошкент ҳалқа йўлининг ичида қолиб кетган майдонлари пойтахт ҳисобига ўтказилади. Бу ҳақда Қурилиш вазири Ботир Зокиров маълумот берди.
“Сергели ва янги ҳудудларни инобатга олиб, Янги ҳаёт туманини ташкил этиш бўйича топшириқ берилганди. Янги ҳаёт ҳудудининг бир қисми Сергелидан, бир қисми Зангиота, бир қисми Ўрта Чирчиқ, Юқори Чирчиқ ҳудудидан ўтган. Бу ҳудудлардан ерлар олиниб, ҳозирги кунга келиб “Янги ҳаёт” туманининг майдони 4 минг гектардан ортиқ бўлди.
Зангиота туманининг 1800 гектарини Сергелига қўшиб бериш таклифи тайёрланган. Сергели туманининг ҳудуди 5300 гектар эди, маълум қисми “Янги ҳаёт” туманига ўтди, лекин Зангиота туманидан Сергелига қўшиб берилган ерлар билан 5400 гектарга чиқди", деди Зокиров.
Вазир берган маълумотларга кўра, Тошкентнинг энг кичик тумани Бектемир ҳам Ўрта Чирчиқ ва Зангиота ҳисобига 2 бараваран кўпроқ кенгаяди.
"Бектемир тумани энг кичик туман бўлиб, ҳудуди 2 минг гектар эди. Президент топшириғига асосан, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ, Зангиота ҳудудларидан ерларни қўшиш ҳисобига Бектемир тумани 5300 гектар ҳудудга эга бўлади.
Бундан ташқари, Чирчиқ дарёсининг ён ҳудудидан шаҳарга қараган қисми бўйича 4356 гектар ерни шаҳарга қўшиш бўйича таклиф тайёрланди. Тошкент шаҳрига 10 минг гектар жой қўшилган бўлса, Тошкент шаҳридан минг гектардан ортиқ жой Тошкент вилоятига ажратиляпти", дея қўшимча қилди у.
Қайд этилишича, Мирзо Улуғбек туманиниг анклав ҳудуди Улуғбек шаҳарчаси (385 гектар) эса Қибрай тумани маркази этиб белгиланади.
"Яна бир катта масала бу – Улуғбек посёлкаси. Улуғбек посёлкасини Қибрай туманининг маъмурий маркази қилиш бўйича топшириқ берилди. Сабаби, Қибрай жуда катта туман, лекин шу кунгача унинг маркази йўқ эди. Улуғбек посёлкаси олдин Мирзо Улуғбек туманига қарар эди ва тумандан йироқда жойлашганлиги, анклав ҳолда бўлгани учун унга эътибор йўқ эди”, деди вазир.
Ботир Зокировнинг сўзларига қараганда Президент Шавкат Мирзиёев бу таклифларни маъқуллаган. Масъулларга чегараларни ўзгартириш бўйича тегишли қонун ҳужжатлари лойиҳаларини маҳаллий кенгашлар ва Олий Мажлисга киритиш топшириғи берилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь