Тошкент вилоятидаги мактабда ўқувчининг онаси жанжал кўтарди
3-саҳифа
−
09 Декабрь 2021
21601Ижтимоий тармоқда Тошкент вилояти Бўка туманидаги 2-умумтаълим мактабида бир ўқувчининг онаси синфхонада жанжал кўтаргани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизмати изоҳ берди.
Қайд этилишича, мазкур мактабнинг 3-синф ўқувчиси Е.В. жорий йилнинг 19 ноябрь куни мактабга бораётганда қор ёғиб, кўчалар сув бўлгани учун сувга тушиб кетиб, оёғи ҳўл бўлган. Мактаб ёшлар етакчиси залда В.Е.нинг оёғи ҳўл бўлганини кўриб, синфхонага олиб кирган ва ўқувчини синф раҳбари Феруза Қўшматовага топширган. Синф раҳбари ўқувчининг саломатлигидан қайғуриб, болани уйи мактабга яқин бўлгани сабабли оёқ кийимларини алмаштириб келиш учун уйига жўнатган ва автомобиль йўлидан ўтказиб қўйган.
Боланинг онаси А.Н. ўғлини оёғи ҳўл ҳолатда уйига қайтиб келганини кўриб, нима бўлганини сўраганида, ўғли синфдошлари сувга итариб юборгани, шунинг учун оёғи ҳўл бўлганини айтган. Она ўғлининг пойабзал алмаштирмаган ҳолда қайтариб, мактабга олиб келган ва бақириб, жанжал кўтарган. Мактаб маъмурияти дарҳол ўқувчига қуруқ кийим ва пайпоқ бериб, устини алмаштирган.
Синф раҳбари, мактаб психологи, мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари онага синфхонада жанжал кўтармаслигини, синфдан ташқарида муассаса раҳбарияти билан биргаликда бу масалани ҳал қилиш мумкинлигини айтган, лекин А.Н. синфхонадан чиқмай, ўқувчиларга тазйиқ ўтказиб, жанжални давом эттирган.
Ушбу вазиятдан мактаб директори хабар топиб, туман Қўриқлаш хизмати ходимларини чақиртирган, бироқ фуқаро ҳуқуқ-тартибот идораларига ҳам қаршилик кўрсатган.
Вазирнинг Назорат-ҳуқуқий хизмати аралашувидан сўнг профилактика инспекторининг иш юритувида бўлган Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 40-(туҳмат), 183-(майда безорилик) ва 194 (милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) моддаларида кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни содир этгани учун фуқаро А.Носиржоновага нисбатан тўпланган ҳужжатлар мазмунан кўриб чиқиш учун 2021 йил 9 декабрь куни соат 11:45 да Жиноят ишлари бўйича Бўка тумани судига юборилиши таъминланган.
Шу билан бир қаторда, синф раҳбари Феруза Қўшматовага Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 197-5-моддасига мувофиқ педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш ҳолати юзасидан судга мурожаат этиш ҳуқуқи мавжудлиги тушунтирилган.
LiveБарчаси